08:34 / 10.12.2020
23538

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси пойтахт кўчаларида пайдо бўлган кўчма камераларга изоҳ берди

Фото: Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати пойтахт кўчаларида пайдо бўлган кўчма камералар нима мақсадда ишлатилаётганини тушунтирди.

Қайд этилишича, пойтахт кўчаларида йўловчилар ва транспорт воситалари оқимини ўрганишни назарда тутувчи "Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасининг бош режаси"ни ишлаб чиқиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

“Шу муносабат билан ходимлар томонидан катта чорраҳаларда транспорт воситалари ҳисоби юритилмоқда ҳамда йўловчилар сони аниқланиб борилмоқда. Буни амалга ошириш учун кўчма камералардан фойдаланилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур тадқиқот ишларида фойдаланилаётган камералар йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиш ҳолатларини аниқлашга мўлжалланмаган”, - дейилади изоҳда.
 
Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси пойтахт кўчаларида ўтказилаётган тадқиқот ишлари тўғрисида интернетда тарқалган нотўғри маълумотларга ишонмасликни сўраган.

Top