13:16 / 11.12.2020
6847

Кўмир ва суюлтирилган газ таъминотидаги талон-торожликлар ҳақида маълумот берилди

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида 6300дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Фото: KUN.UZ

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш бўйича Сенат кенгашининг мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Унда иштирок этган Бош прокуратура вакили Беҳзод Исмоиловнинг маълумот беришича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича масъул идораларнинг 1200 нафардан ортиқ мансабдор шахсларига огоҳлантириш берилган бўлса-да, бу масалада қонунийлик тўлиқ таъминланмаяпти.

“Кўмирнинг қора бозорга чиқиб кетиши ўрганилганда, 80дан ортиқ ҳолатда салкам минг тонна кўмир маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш фактлари аниқланган. Тадбиркор сифатида ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган шахслар кўмир сотиш билан шуғулланган. 

Кўмирни жойларга етказиб бериш жараёнида 11та ҳолатда қарийб 1000 тонна кўмир 139 нафар шахс томонидан юриб кетаётган вагонларнинг ўзидан тушириб олиш ҳолатлари кузатилган. Оқибатда, кўмир омборларига белгиланган миқдордаги маҳсулот етиб бормаяпти. 

Кўмирнинг ижтимоий соҳа объектларида мақсадли сарфланмаслиги бўйича 20 мингта жиноят иши қўзғатилган. 

Шунингдек, жойлардаги идораларнинг мансабдор шахслари томонидан аҳолига етказилиши керак бўлган суюлтирилган газни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, Самарқандда 289 млн сўмлик 42 тонна, Қуйи Чирчиқда 492 млн сўмлик 127 тонна суюлтирилган газ мансабдорлар томонидан ноқонуний сотилаётган чоғда аниқланган”, дея Исмоиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича 6300дан ортиқ қонун бузилишлари аниқланган. 100дан ортиқ идорага тақдимнома киритилган, қўпол қонун бузилиш ҳолатлари бўйича 54та жиноят иши қўзғатилган. 300га яқин мансабдорга интизомий, 350 нафарига маъмурий чора кўрилган. 

Бош прокуратура вакили аҳолига кўмир ва суюлтирилган газ етказиб беришда кузатилаётган талон-торожликларнинг сабабларига тўхталди.

“Етказиб бериш ва таъминот бўйича қонунчиликда бўшлиқ мавжуд эмас. Бу борада етарлича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси шаклланган. Фақат муаммо жойлардаги мутасаддиларнинг тартибни тушунмаслиги, улар орасида тарғибот тадбирларининг етарли эмаслигидадир”, деди Беҳзод Исмоилов.

Top