15:02 / 11.12.2020
23586

Ёшлар иттифоқидан 9 млрд сўм ҳақини ололмаётган қурувчи Марказий кенгаш биноси олдида очлик эълон қилмоқчи

«Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Ортимда турган 300дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман», – деб ёзди тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев очиқ хатида.

«Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ раҳбари Шуҳрат Сотволдиев

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан шуғулланган «Жиззах Реал қурилиш таъмир» корхонасининг 9 миллиард сўмга яқин ҳақи Ёшлар иттифоқи томонидан 1,5 йилдан бери тўлаб берилмаяпти.

Kun.uz бу ҳақда май ва ноябрь ойларида танқидий мақолалар эълон қилган эди. Ёшлар иттифоқи масала ҳал этилишини таъкидлаб баёнот берган.

Айни пайтда, ундирувдан умиди сўнаётган тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев таҳририятга йўллаган хатида жорий йил 15 декабр куни Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қилмоқчи эканини маълум қилди.

Мактуб Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоевга, Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Миллий телерадиокомпанияга ҳамда Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлари ва блогерларга ҳам юборилган.

«Мен муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14 млрд 343 млн сўмлик бинони деярли ёнимдан қурдим. Шундан салкам 9 млрд сўмини ҳали олганим йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари мени бир ярим йилдан бери сарсон қилиб, адойи тамом қилди. Бор-будимдан айрилиш арафасида турибман. Ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етиб келдим.

Шу йил 15 декабр куни тонгда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қиламан. Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Менинг ортимда турган 300дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман.

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари, блогерлар, Сизлардан илтимос!

Мени алдаб ҳар куйга солиб келаётган Ёшлар иттифоқи раҳбарларининг қилмишларини ҳамма кўриб қўйиши учун ушбу жараённи ёритсангизлар, токи аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар фирибгарлар ва бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган шахслар ортидан эргашаётганини билиб қўйишсин!

Ҳурматли Бош прокурор Ниғматилла Тўлқинович!

Сиздан илтимос, мабодо очликдан иттифоқни остонасида вафот этгудек бўлсам, мени ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етказган Ёшлар иттифоқи масъулларига нисбатан қонуний чора кўришингизни сўрайман», – деган тадбиркор ўз мурожаатида.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах шаҳрида вилоят Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан «Jizzax Real qurilish ta’mir» МЧЖ шуғулланган. Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади.

2019 йил 19 апрел куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган чора-тадбирларнинг 35-бандида, Жиззах шаҳрида Ёшлар инновацион марказини ташкил этишнинг молиялаштириш манбаси сифатида Ёшлар иттифоқи белгиланган. Ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди шу йилнинг 19 октябрида тадбиркорга «Yoshlar qurilish invest» МЧЖ ҳисобидан даъвогар фойдасига тўланмай қолган 8 млрд 897 млн сўмни тўлаб бериш мажбуриятини назарда тутувчи ҳал қилув қарори чиқарган.

Бинонинг қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганига ҳам қарийб бир йил бўлган. Аммо маблағ ажратиш учун масъул бўлган Марказий кенгаш турли баҳоналар билан жавобгарликни ўзидан соқит қилишга уриниб келди.

11 декабр куни тадбиркорнинг мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Иттифоқ яна бир бор қурувчининг ҳақи «ўзи сўраган муддат ичида» берилишини билдирди.

«Аввал таъкидлаганимиздек, биз қурувчининг иш ҳақини олиши тарафдоримиз. Қурувчи иш ҳақини, ўзи сўраган муддат ичида тўлиқ олади. Шу билан бир қаторда бюджет маблағини ҳам мақсадли ажратилишига биринчидан қонун олдида, иккинчидан виждон олдида жавоб бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда, юқоридаги масалани охирига етказамиз», – дейилади баёнотда.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг бирор бир муаммони ҳал қилишни сўраб очлик эълон қилиши амалиёти хорижий давлатларда одат тусига айланган. Ўзбекистонда эса бу каби ҳодисалар кам кузатилади.

Top