07:29 / 14.12.2020
97144

Россия Фарғонага импорт тақиқи қўйишига сабаб бўлган помидор қаерда етиштирилгани маълум бўлди

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг йил якунлари ва келгуси йилги режалар бўйича маърузаси тингланди.

Фото: KUN.UZ

Маърузада айтилишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойида Фарғона деярли барча соҳаларда иқтисодий ўсишга эришган. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,4 фоизга ошган. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 100,4 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажми 103,1 фоизга, қурилиш ишлари 100,4 фоизга ошган.

Вилоят ҳокимининг айтишича, пандемия даврида инқирозга қарши кураш дастури доирасида 20 мингдан ортиқ тадбиркорга умумий ҳисобда 400 миллиард сўм солиқ имтиёзи берилган. Шунингдек, 7,2 минг тадбиркорнинг 1.3 триллион сўм кредит қарздорлиги 6 ой муддатга узайтирилган.

Маърузада айтилишича, Фарғонада инвестиция дастурига мувофиқ 2020 йил қиймати 7 триллион сўм бўлган 737 та лойиҳа амалга ошириш ҳисобига 20 050 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Хусусан, январ-ноябр ойларида 4.1 триллион сўмлик 552 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 11 997 та янги иш ўрни яратилгани айтилди.

Сессия якунида Хайрулла Бозоров иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, ҳокимликнинг бўлим ва бошқарма раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Матбуот анжуманида Хайрулла Бозоров охирги кунларда актуал мавзуга айланган Россиянинг вилоятдан олиб бориладиган помидорга импорт тақиқи қўйиши мавзусига тўхталди.

Маълум бўлишича, «Россельхознадзор» таркибида жигарранг буришиш вируси аниқланган помидор Марғилон бозоридан олиб борилган. Россияга Фарғонадан синов тариқасида 5 кило помидор олиб борилган. Россияга олиб кетилган помидорни ким етиштиргани аниқланган ва текширилганда деҳқоннинг бошқа помидорларида Россияда аниқланган вирус бўлмаган. Умуман, Фарғонадаги бирорта иссиқхонада бундай помидор вируси топилмаган.

Шунингдек, Хайрулла Бозоров Россия томонидан қўйилган тақиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига салбий таъсир кўрсатишини қўшимча қилди.

Top