08:42 / 16.12.2020
5121

Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятида ўзгаришлар кутиляпти

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қаровсиз қолган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланиши кутиляпти.

Белгиланишича:

Марказлар фаолиятини мунтазам равишда назорат қилиш ва уларга юкланган вазифаларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади;

вояга етмаганларни Марказларга қабул қилишни танлаш, қабул қилинган вояга етмаганларга ижтимоий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш борасидаги тадбирлар Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади;

Марказларга қабул қилинган вояга етмаганлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади;

Марказларга қабул қилинган вояга етмаганларнинг оилаларини ўрганиш, уларнинг оиласидаги маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатлар олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган ёт хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида улар билан тўғридан тўғри ишлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ёшлар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси масалалари бўйича кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш чораларини кўриш тадбирлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари вояга етмаганларни Марказларга қабул қилиш борасидаги ички ишлар органлари сўровномаларини қисқа муддатда ўрганиб чиқиб, тегишли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб борилишини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида сақланаётган вояга етмаганларни озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминлаш меъёрларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Ички ишлар вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Марказларга қабул қилинаётган ва сақланаётган вояга етмаганлар тўғрисида маълумотлар алмашишда тезкорликни ошириш, қоғоз ҳужжат айланишини камайтириш мақсадида Марказларга қабул қилинган вояга етмаганлар тўғрисида маълумотлар базасини ўз ичига олган идоралараро ахборот тизими яратилишини таъминлайди.

Top