Ўзбекистон | 13:51 / 22.12.2023
6294
2 дақиқада ўқилади

ИИО навбатчилик қисмларида фуқароларни алкотестер ёрдамида текшириш тартиби эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголдан мастлик ҳолатида эканини текшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: AP

Лойиҳа Ўзбекистон президенти администрациясининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

2016 йил 16 сентябрдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни 17-моддасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни уларнинг организмида алкогол, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар мавжудлигини аниқлаш учун текширишни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Лойиҳада ички ишлар органлари профилактика инспектори ва патруль-пост хизмати ходимлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб олиб келинган шахсларни МЖтКнинг 32-моддаси 6-бандига асосан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат этиб белгиланган ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилганлигини аниқлаш жараёнида алкотестер қурилмаларидан фойдаланиш ҳамда текширув ўтказиш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун 2024-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жами 208 дона алкотестер қурилмаларини Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан олиниши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, 1 дона алкотестернинг тахминий ўртача нархи 15 млн (жами 3,12 млрд) сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид