15:56 / 16.12.2020
6189

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда

2020 йил 16 декабр куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. 

Фото: REUTERS

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда "Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига қисқартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим Қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида"ги қонун муҳокама марказида бўлди.

Ҳужжат билан "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги ва "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонунларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, тендер ўтказиш жараёнини тезлаштириш учун эълон бериш билан бир вақтда тендер ҳужжатларини хам тақдим қилиш белгиланмоқда.

Қолаверса, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битими доирасида ўз ихтиёрларидаги объектларни аниқлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан чет эл инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал этиш бўйича чоралар кўриш ваколатлари берилмоқда.

Шунингдек, иқтисодиёт соҳасида яна бир ўзгаришга асосан, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғимлар энди республика бюджетига эмас, балки Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгиланмоқда. 

Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга, давлат харидлари субъектлари масъулиятини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Top