11:44 / 22.06.2024
8532

Россия ҳукумати валюта тушумларини сотиш бўйича талабни юмшатди

Россия ҳукумати экспорт қилувчилар учун валюта тушумларини сотиш чегарасини 80 фоиздан 60 фоизгача пасайтирди ва буни «миллий валюта курсининг барқарорлашуви» билан изоҳлади.

Россия ҳукумати 21 июн, жума куни экспортчилар томонидан валюта тушумларини мажбурий сотиш талабини юмшатди.

Илгари Россиянинг йирик экспортчилари ташқи савдо шартномалари бўйича олинган хорижий валютанинг камида 80 фоизини ваколатли банклардаги ҳисобрақамларига ўтказишлари шарт эди. Ҳукуматнинг Telegram-каналига кўра, энди бу чегара 60 фоизга туширилди.

«Қарор миллий валюта курсини барқарорлаштириш ва валюта ликвидлигининг етарли даражасига эришишни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди», — дейилади ҳукумат хабарида. Валютани мажбурий репатриация қилиш ва хорижий валютадаги тушумларни сотиш талаби 2023 йил октябрда президент қарори билан жорий этилган ва 2025 йил 30 апрелгача узайтирилган эди. 

Мазкур чора ёқилғи-энергетика комплекси, қора ва рангли металлургия, ғаллачилик, кимё ва ўрмон хўжалиги тармоқларида фаолият юритувчи экспортёрларга нисбатан қўлланади. «Интерфакс» агентлигининг эслатишича, ҳукумат валюта тушумларини мажбурий сотиш муддатини узайтириш зарурлигини таъкидлаб, ушбу чора «валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштиришда ўз самарадорлигини кўрсатгани»ни билдирган. Шу билан бирга, Марказий банк раиси Элвира Набиуллина мажбурий сотиш рубл курси динамикасига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги ва кўпроқ психологик омил эканлигини қайд этди. 

Москва биржасига қарши санкциялар

12 июн куни АҚШ Молия вазирлиги Москва биржасига санкциялар киритди, бу эса доллар ва евро билан савдонинг тўхтатилишига сабаб бўлди. Рубл курсини белгилашда аввал биржа савдолари натижаларидан фойдаланган Марказий банк банк ҳисоботлари ва биржадан ташқари савдолар ҳақидаги маълумотларга асосланган ҳисоблаш усулига ўтди. 

Марказий банк ушбу тартибни «нормал» амалиёт деб атади. «Халқаро валюта бозорида ҳам, аксарият мамлакатларнинг ички валюта бозорларида ҳам биржадан ташқари валюта савдоси миллий валюта конвертация қилиниши, чет эл валютаси ва эркин бозор курси учун зарурий шарт эмас», - дея маълумот берди регулятор.

Top