10:17 / 20.12.2020
18369

Самарқанднинг энг йирик туманидаги 11 та мактаб битирувчилари икки йилдан буён ОТМга ўқишга киролмаяпти

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йил якунлари бўйича самарқандликларга мурожаат қилиб, кўплаб кўрсаткичлар бўйича натижаларни маълум қилди. Турдимов туманлардаги мактаб битирувчиларининг ўқишга кириши бўйича кўрсаткичларга ҳам алоҳида тўхталди.

«Биз ОТМ ректорлари, профессор-ўқитувчилар билан келишиб, Паст Дарғом ва Ургут туманлари бўйича янги тажриба жорий қиляпмиз. Яъни, Ургут туманидаги 143 та ва Паст Дарғом туманидаги 127 та мактабга 10 та ОТМ ўқитувчилари бириктирилди. Вилоятнинг бу икки энг катта туманлари рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг охирги ўринларни эгаллаб турибди.

Бу борада Ургут тумани 2019-2020 ўқув йили якуни бўйича энг охирги ўринни эгаллаган. Туманда 17 та мактаб ўқувчилари олий ўқув юртига ўқишга кирмаган, кейинги 2 йилда эса 11 та мактабдан бирор битирувчи ОТМга кирмаган», деди Эркинжон Турдимов.

Вилоят ҳокимининг айтишича, ОТМга кириш кўрсаткичи Ургутда атиги 4,7 фоиз, Самарқанд туманида 7,5 фоиз, Жомбой, Нуробод, Каттақўрғон, Пайариқ ва Паст Дарғом туманларида 8-9 фоизни ташкил этган.

Top