13:33 / 21.12.2020
5054

Танқиддан сўнг: Жомбойдаги икки қишлоқ муаммоси ечилди. Таъмирталаб йўл масаласи эса очиқ қолмоқда

Kun.uz сайтида бундан 10 ой аввал «Сув танқислиги силламизни қуритди» — Жомбойдаги маҳалла мутасаддилар эътиборсизлигидан азият чекмоқда ва кейинроқ, июн ойида «Биз оддий сув ва трансформатор сўраяпмиз, дунёни эмас» – ғазираликлар ҳокимлик ваъдаси бажарилмаганини айтмоқда» сарлавҳали танқидий мақолалар эълон қилинган эди.

Унда жумладан, Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Ғазира» маҳалласига қарашли икки қишлоқдаги сув, яроқсиз трансформатор ва йўл билан боғлиқ оғир ҳолатлар  қаламга олинганди.

Бир неча кун аввал таҳририятимизга Жомбойдаги шу икки қишлоқ вакиллари қўнғироқ қилиб, ниҳоят кўтариб чиқилган сув ва трансформатор муаммоси ҳал қилингани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, Ғазирадаги Шакар қишлоғига ўтган вақт давомида туман ҳокимлиги, вилоят ва туман электр тармоқлари корхонаси билан ҳамкорликда 100 кВт.ли янги трансформатор қўйиб берилган.

Шунингдек, бажарилган ишлар доирасида 2 км кабел тармоғи ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ёғоч устунлар ўрнига 30 дона темир бетон устунлар ҳам ўрнатилган.

«Эски трансформатор ва кунора кузатиладиган авариялар, уни тузатиш учун бўладиган доимий пул йиғимлари бизни ҳолдан тойдирганди. Шукр, бу муаммолардан қутулдик. Мурожаатларимизга бефарқ бўлмаган инсонларга раҳмат. Энди ўша мурожаатда айтилган йўл муаммомизга ҳам эътибор қаратишса қанийди. Рости, ёзда кўтариладиган қуюқ чанг ва қишда тизза бўйига етадиган лойли кўча таъмири йиллар давомида бизни жуда ҳоритди. Чунки қишлоққа олиб кирадиган деярли 1 километрли йўлни фақат ўз ҳисобимиздан таъмирлашга мажбурмиз. Ўтган йили сектор раҳбари, туман прокурори ҳам келиб арзимизни эшитганди. Лекин у яна ўзимизнинг ҳисобдан йўлнинг озгина қисмига 4 машина тош тўктириб кетди. Ахир буни шусиз ҳам ўзимиз қилиб келаётгандик», – дейди қишлоқ аҳолиси.

Наврўзтепаликлар эса кўп йиллик ичимлик суви муаммоси ижобий ҳал қилинганидан хурсанд.

«Kun.uz сайтида мақола ва видеолавҳа эълон қилингандан сўнг анча пайтдан бери юрмай турган ишимиз юришиб кетди ва уйларимизга ичимлик суви келди. Гарчи ишлар «Сувоқова» ишлаб чиқариш корхонаси томонидан ташкил қилинган бўлса-да, биз ҳам қараб турмадик, ҳамма имкон даражасида маблағини шу ишга қўшди», – дейди улар.

Таъкидланишича, қишлоқ аҳолисига тоза ичимлик суви чиқариш учун аввало қишлоқдаги сув иншооти жорий таъмирланиб, қуввати ЭЦВ-8 насос ўрнатилган. Шундан сўнг ётқизилган жами 800 метрга яқин сув тармоғи ёрдамида 33 та хонадон ва 165 кишига тоза ичимлик суви етиб борган.

Kun.uz таҳририяти.

Top