00:07 / 22.12.2020
4535

Иссиқлик таъминотида бир ой ичида 150дан ортиқ авария рўй бергани маълум бўлди

15 ноябрдан 14 декабрга қадар Ўзбекистонда иссиқлик таъминотида 150дан ортиқ авариялар юз берган. Иссиқлик узатишни бошлашдан олдин қувурларни катта босим остида текшириб кўриш жараёнларида рўй берган авариялар ҳам шулар жумласидан.

«Агар бу синов ишлари амалга оширилмаганда, бугунги кунда авариялар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди», – деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот котиби Алипаша Аҳмедов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Қувурларнинг эскирганини ҳам инобатга олиш керак. 1970–1980 йилларда тортилган қувурлар 40–50 йилдан бери ер остида эскириб, занглаб кетган. Катта босим билан иссиқлик берилганда, авария ҳолатлари юзага келади.

Муҳими – буни бартараф этиш механизми жорий этилган. Авария гуруҳлари тун-у кун – иссиқми-совуқми, қорми-ёмғирми, аварияларни бартараф этиш бўйича барча чораларни кўрмоқда», – дея қайд этди.

Алипаша Аҳмедовнинг сўзларига кўра, иситиш тизимидаги муаммолар кўплаб ҳолатларда бевосита истеъмолчилар билан ҳам боғлиқ.

«Иссиқликни таъминловчи ташкилот иссиқликни уйгача етказиб келган бўлса-да, уйдаги иситиш тармоғи носоз бўлса, уй ичидаги иссиқлик тизими ўзбошимчалик билан ўзгартирилган (иситиш батареялари кўчирилган ёки қўшимча уланган) бўлса, ёки тик қувурларни ўзича алмаштирган бўлса, уйдаги циркуляция бузилиш оқибатида яхши исимайди.

Циркуляция бузилса, фуқароларимиз: «Иссиқлик уйимнинг бир қисмида бор, иккинчисида эса батарея исимаяпти», дея мурожаат қилишади.

Бу борада тарғибот ишлари олиб бориляпти. Иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан иситиш батареяларини ювиб-тозалаш, тик қувурларни алмаштириш каби хизматлар ҳам кўрсатиляпти», – деди вазирлик расмийси.

Top