17:57 / 24.12.2020
9175

ҚҚС қайтариш кунлари тобора қисқармоқда, аммо фирибгарлик ҳам пайдо бўляпти – Мубин Мирзаев

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) – бозор муносабатларини тартибга солувчи, умуман тадбиркорлик институтини ривожлантириш кафолатларини яратадиган энг муҳим иқтисодий воситалардан бири. Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ушбу масала юзасидан тушунтириш бериб, Kun.uz билан суҳбатлашди.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир операцияларнинг солиқ базасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси билан олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ўртасида салбий фарқ юзага келган тақдирда барча қўшилган қиймат солиғи тўловчилари уни қоплаш (қайтариш) ҳуқуқига эга. Мазкур енгиллик янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан белгилаб қўйилган ва жорий йилнинг 1 июлидан амалиётга жорий этилди.

Мубин Мирзаевнинг айтишича, янги тартибга кўра ҚҚС тўловчиси ҚҚСни қоплаш (қайтариш) масаласини кўриб чиқиш учун давлат солиқ бошқармасига, йирик солиқ тўловчилар эса Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига ариза юборади.

Бунда, Солиқ кодексининг 274 моддасига биноан йирик солиқ тўловчилар, дипломатик ваколатхоналар, банк кафолатини тақдим этган ташкилотлар, экспортчи корхоналар, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчилари ва солиқ мониторинги иштирокчиларининг аризалари тезлаштирилган тартибда – 7 кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

«Шу билан бирга, айрим тадбиркорлар ушбу преференциялардан шахсий манфаати йўлида фойдаланиб, ҳақиқатда тўланмаган солиқ суммасини гўёки тўланган сифатида битимлар расмийлаштириб, бюджетдан маблағ ундиришга уринмоқда», — дейди Мирзаев.

Масалан, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 24.11.2020 йилда (яъни бор йўғи 30 кун аввал) рўйхатдан ўтган «E.T.F. » корхонаси экспорт қилган 17,5 млрд. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барчасини «T.E.Y. » корхонасидан харид қилади.

Ўз навбатида, «T.E.Y. » корхонаси эса яна учта «бир кунлик фирма» «A.S.F. », «I.M.B» ҳамда «Z.T. » корхоналаридан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олади ва экспортчи «E.T.F» корхонасига воситачилик вазифасини бажаради. Бундан асосий мақсад – ҚҚС бўйича ҳосил бўлган ортиқча тўловни қоплаш (қайтариш) орқали давлат бюджетидан маблағларни ўзлаштиришдан иборат.

Хусусан, «A.S.F. » корхонаси сохта ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш эвазига умуман товарларни кирим қилмасдан, 7,3 миллиард сўмлик товарларни реализация қилганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этган. Бу эса ўз навбатида 4,5 млрд. сўмлик умидсиз солиқ қарзини келтириб чиқарган.

Мубин Мирзаев суҳбат давомида солиқ тўловчиларидан яратилган имконият ва шароитлардан суиистеъмолчиликка йўл қўймаслигини сўраб, соҳадаги ислоҳот яна давом эттирилишини айтди. У ҚҚС қайтариш муддати 60 кунгача этиб белгиланганига қарамай, солиқчилар ушбу муддатга етмай, тобора қисқа фурсатда ишлаётганини маълум қилди.

Top