12:07 / 24.12.2020
7693

Танзила Норбоева Сенатнинг бир йиллик фаолияти бўйича ҳисобот берди. Асосий тезислар

23 декабр куни Сенат раиси Танзила Норбоева президент Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномаси бўйича Сенат томонидан 2020 йил давомида қилинган ишлар бўйича маълумот берди.

Kun.uz мухбири 9 та асосий йўналишда тайёрланган ушбу ҳисоботдаги асосий тезисларни тўплади.

Ялпи мажлислар бўйича рекорд йили

Норбоевага кўра, тугаётган йилда Сенат фаолиятида кузатилмаган ҳолат – йил бошидан бери 10 та ялпи мажлис ўтказилган. Бу мажлисларда эса 60 га яқин қонун кўриб чиқилган.

«Қонунларнинг ҳудудлар манфаатларига мослиги даражаси танқидий-таҳлилий кўрила бошланди. Бунинг учун маҳаллий кенгашлар, экспертлар, амалиётчи ва жамоатчилик фикрини ўрганишга эътибор қаратдик. Шундай ёндашув асосида шу йилнинг ўзида 6 та қонун рад этилди», – деган у.

Сенатга ҳисобот бера бошлаган элчилар ва кўпайган парламент сўровлари

Сенат раиси ҳисоботининг иккинчи қисмида вазирлик, ташкилот раҳбарлари, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарларидан ҳисобот олиш амалиётига ўтилгани мисоллар билан келтирилган.

«Шу йилдан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Масалан, ҳозиргача 10 та мамлакатдаги элчилар ҳисоботи эшитилди. Биз шунингдек, ҳар чоракда давлат дастури бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитяпмиз», – деди Танзила Норбоева.

Сенат раиси келтирган рақамларга кўра, ҳукумат аъзолари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга йил давомида 13 та парламент сўрови жўнатилган.

«Бундан ташқари, сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб масалалар, муаммолар юзасидан вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига 400га яқин сўров юборилди», – таъкидлаган у.

13,5 минг мурожаат ҳамда эътироф этилган журналист ва блогерлар

Норбоева бу сафарги чиқишида ҳам кўтараётган долзарб масалалари учун журналист ва блогерларни эътироф этди.

«Парламент назорати тадбирларига қайси масалалар асос бўлмоқда, деб сўралса, албатта ОАВда, шу жумладан ижтимоий тармоқларда, журналистлар, блогерлар, фуқаролар кўтараётган долзарб масалалар деб айтишимиз мумкин», – деди у.

Сенат раиси бу борада Сардобадаги фалокат оқибатларини бартараф этиш ишлари айнан фуқаролар мурожаатидан кейин жойига чиқиб ўрганилганини ҳам эслади.

Йиллик ҳисоботда айтилишича, 2020 йил давомида Сенатга 13,5 мингга яқин, шундан ижтимоий тармоқлар орқали мингдан зиёд мурожаат келган.

3 мингдан ортиқ мурожаат алоҳида назоратда ўрганилган, қарийб 600 та ариза ва шикоятдаги муаммолар асосли деб топилиб, ижобий ҳал қилинган.

Энди маҳаллий кенгаш депутатлари ер ажратади

Танзила Норбоеванинг кейинги йўналиш бўйича берган маълумотига кўра, маҳаллий кенгашлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида шу йил 13 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 40дан зиёд фармон ва қарор билан уларнинг ваколатлари кенгайтирилган.

«Бундан ташқари, эндиликда ер ажратиш масаласи ҳам маҳаллий кенгашлар ваколатига берилди. Бу жойлардаги халқ вакиллари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни ва ролини кучайтиради деб ҳисоблаймиз», – таъкидлади у.

Шунингдек, у 2020 йилдан Сенатга маҳаллий кенгашлар ноқонуний қабул қилган қарорларни бекор қилиш ваколати берилаётганини ҳам эслатди.

Рангларда таснифлана бошлаган туманлар

Олий Мажлис Сенати раиси йил давомида қилинган ишлардан бири сифатида ҳудудларнинг ривожланиш рейтинги асосида ривожланишдан ортда қолаётган туман, шаҳарларни («қизил» ҳудудлар) қолоқликдан чиқариш масаласи бевосита ҳудуд раҳбарлари ва депутатлар иштирокида ҳал қилина бошланганини ҳам таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилдан туман, шаҳарлар ўз ривожланиш кўрсаткичига қараб, қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратила бошланди.

«Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг туман, шаҳарлари, қишлоқ ва овулларини ривожлантириш бўйича парламент назорати ўрнатилди. Бунинг учун Сенатда янги қўмита, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси тузилди», деди Танзила Норбоева.

Халқаро ташкилотлар билан 80 учрашув

Сенат тугаётган йил давомида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалар ва бизнес вакиллари билан 80дан зиёд учрашувлар (онлайн) ўтказган.

Янги тузилган комиссия ва кенгашлар ҳақида

Танзила Норбоева ўз ҳисоботида жамиятдаги турли долзарб масалаларни ҳал қилиш учун тузилган комиссиялар ҳақида ҳам маълумот берди.

Унга кўра, шу йилдан қуйидаги комиссия ва кенгашлар тузилган:

1. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия.

2. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг агентликларидаги ижобий имижини шакллантириш ишларини парламент даражасида мувофиқлаштириш мақсадида республика кенгаши.

«Шу йўналишда давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш учун ишлаяпмиз. Натижада Ўзбекистон 2020 йилда Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида 19 поғонага, «Бизнес юритиш» индексида 18 поғонага кўтарилди», – таъкидлади Сенат раиси.

3. Жамиятда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда самарадорликни ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши.

4. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг равишда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида парламент комиссияси.

Парламентда ёшлар

2020 йилда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида ёшлар парламентлари тузилди. Ёш депутат ва сенаторлар 5 йилга сайланади. Иккала парламент қарорлари ҳам тавсиявий характерда бўлади.

14 минг чиқиш

Олий Мажлис Сенати раиси ҳисоботининг сўнгги йўналиши сифатида ОАВ билан ҳамкорлик масаласи ҳақида гапирди.

«Ўтиб бораётган йилда сенаторлар матбуот, телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали 14 мингдан зиёд марта чиқиш қилди. Бу амалиётни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятига ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди», – дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top