15:52 / 25.12.2020
9407

«Навоийазот» АЖнинг аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуасида илк карбамид маҳсулоти олинди

«Навоийазот» акциядорлик жамиятининг аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши билан боғлиқ барча ишлар якунланиб, 2020 йил 23 декабрь куни илк карбамид маҳсулоти олинди.

Мажмуа қурилиши президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2016 йил сентябрь ойида бошланган эди.

Лойиҳа қиймати 985,7 млн долларга тенг бўлиб, молиялаштириш 577 млн доллар миқдоридаги Япониянинг банклари ва молиявий институтлари кредитлари, 320,0 млн доллар Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредити ва 88,7 млн доллар корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Мажмуа Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries Ltd» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Ишлаб чиқариш технологиялари дунёнинг энг етакчи компаниялари, ҳусусан, аммиак ишлаб чиқариш бўйича Даниянинг «Haldor Topsoe», карбамид ишлаб чиқариш бўйича Италиянинг «Saipem» компанияси ҳамда карбамид грануляцияси бўйича эса Германиянинг «Uhde» компаниялари етказиб берди. Асосий технологик ускуналар Япония ва Европадан келтирилди.

Лойиҳани ишга тушириш ва созлаш ишлари жорий йилнинг октябрь ойида бошланган бўлишига қарамай, 53 кунда тайёр маҳсулот олишга эришилди. Бу – «Mitsubishi Heavy Industries Ltd» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекснинг технологик босқичларида қўлланилган ноёб инновацион ва замонавий технологиялар экологик ва энергетик самарадорлигига кўра дунёдаги энг сўнгги технологиялари ҳисобланади.

Мажмуада 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Аммиакнинг 330 минг тоннаси янги карбамид ишлаб чиқаришга ва 330 минг тоннаси мавжуд аммиакли селитра ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Лойиҳа тўлиқ қўвватга чиққанда 1 триллион 428 млрд сўмлик товар маҳсулот ишлаб чиқарилади ва кимё тармоғини 9,5 фоизга ўсишга олиб келади. Йилига бюджетга 600 млрд сўм миқдоридаги тушумларини таьминлайди ҳамда 58,0 млн долларлик қўшимча маҳсулот экспорт қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1964 йилда қурилган, маънавий жиҳатдан эскирган, энергияси сарфи юқори бўлган «Навоийазот» АЖ 1– ва 2– аммиак ишлаб чиқариш цехлари фойдаланишдан чиқарилади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг карбамидга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Хусусан, ғалла ва пахта хосилини агротехник муддатларида гектарга қўшимча 100–150 килограммгача ўз вақтида карбамид минерал ўғити билан озиқлантириш имконини беради.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон, Туркия, Украина ва Грузияга маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати

Top