09:49 / 25.12.2020
7888

Прокуратура: «Урганч тумани мансабдор шахслари давлатга 8,08 млрд сўм зарар етказган»

Урганч тумани ҳокимлиги, туманнинг архитектура ва ер ресурслари бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: KUN.UZ

«Урганч туманида иссиқхона учун ажратилган ерда ноқонуний уй-жойлар қурилмоқда» танқидий мақоласига Хоразм вилояти прокуратураси муносабат билдирди.

Хоразм вилоят прокуратураси томонидан тегишли мутахассислар иштирокида текшириш ўтказилганда, Урганч тумани ҳокимлиги, туманнинг Архитектура ва ер ресурслари бўлими мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани, ҳамда ўз вазифаларига лоқайд муносабатда бўлгани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган.

«Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, Ер кодексининг 3-, 8- ва 34-моддалари талабларига зид равишда, ўзбошимчалик билан, ноқонуний равишда, бош режа лойиҳаси ва тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз Урганч тумани ҳокимининг қарорларига кўра, Ш.Давлетовга Чаккашоликор қишлоғи ҳудудида «Енгил типдаги иссиқхона» қуриш учун 1 гектар, шунингдек, Д.Искандаровга «Енгил типдаги иссиқхона» қуриш учун 0,6 гектар, Х.Худайбергановга туман ҳокимининг «Паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермахона қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида»ги қарорига ўзгартириш киритилиб, Чаккашоликор қишлоғида «Савдо ва маиший хизмат шохобчаси» қуриш учун 0,5 гектар, М.Султоновага туман ҳокимининг Ғойбу қишлоғи ҳудудидан «Чойхона, офис ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақидаги қарорига ўзгартириш киритилиб, Чаккашоликор қишлоғи ҳудудидан «Чойхона, офис, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» қуриш учун 0,39 гектар, Б.Давлетовга Чаккашоликор қишлоғи ҳудудида «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси» биноси қуриш учун 0,35 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Умумий ҳисобда 5 та ҳолатда ер ажратишда амалдаги тартибни четлаб ўтган ҳолда 2,8 гектар сувли, экин ерлари нотурар ва турар жой қурилишларга ажратиб бериб юборилган. 9 та ҳолатда 6,91 гектар экин ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой ва бошқа ноқонуний қурилмалар қурилишига сабабчи бўлиб, ўз вақтида уларни бартараф этиш чоралари кўрилмагани оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 8,08 млрд сўм зарар етказилган.

19 декабр куни вилоят прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ҳокимлиги, туманнинг архитектура ва ер ресурслари бўлими мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Кадастр агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси экин ер майдони «Енгил типдаги иссиқхона» қуриш учун ажратилганида, Урганч тумани ҳокимлиги томонидан экин ерининг ҳолати (тоифаси, балл бонитети, тури) юзасидан тегишли хулоса олинмагани ҳақида баёнот берган эди.

Top