14:19 / 26.12.2020
13053

Попдаги вайрона бозор олдидаги ёймачилар нега янги бозорга кўчишни исташмаяпти?

Яхши шароит ва тартибли расталар нафақат сотувчилар, балки харидорлар учун ҳам қулай. Лекин сотувчиларнинг кўчада ўзбошимчалик билан ноқонуний савдо расталарини ёйиб олишига нима сабаб бўлмоқда? Ёки Поп шаҳрида уларни қониқтирадиган савдо майдонлари йўқми?

Бундан икки йил аввал Поп туманининг Уч уйли маҳалласи ҳудудида тадбиркор томонидан 48 млрд маблағ эвазига замонавий савдо мажмуаси ва экопарк барпо қилинган эди. «Поп Барака бозори» аҳолига кунлик ва ҳафтанинг ҳар якшанба куни хизмат кўрсатиб келади.

Мазкур ҳудудда ҳозирда 322 та савдо дўкони, 18 та гўшт дўкони, 250 та усти ёпиқ савдо растаси, 1000 та ҳафталик савдо қилувчилар учун ўринлар, 12 та сут ва сут маҳсулотлари билан савдо қилиш учун расталар, 10 та ошхона, замонавий павилон ичида 176 та савдо растаси, 40 ўринли замонавий меҳмонхона, 2 та намозхона, 600 ўринли автотураргоҳ, 2 та 16 ўринли ҳожатхона, автостанция ва банк биноси аҳолига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, у ерда 3,5 млрд маблағ эвазига Поп туман давлат хизматлари маркази қурилиб, халқ хизматига топширилган.

Барча қулайликларга эга ушбу савдо марказига туман аҳолиси учун бепул автобуслар қатнови ҳам йўлга қўйилган.

Бозор ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркор фуқароларни эса маҳаллий халқ тилида айтганда, «Янги бозор» – «Поп Барака бозори» ҳудудига кўчириш бўйича туман ҳокимининг 2019 йил 24 майдаги 89-Ф сонли, 2020 йил 22 декабрдаги 196-Ф сонли фармойишлари қабул қилинган ва ижро бўйича вилоят ва туман раҳбарлари ҳамда мутасаддилари иштирокида тадбиркор фуқароларга бир неча маротаба давомий равишда тушунтириш ишлари олиб борилган.

Лекин тушунтириш ишларига қарамай, мана икки йилдирки, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эски бозор ҳудудида савдо қилувчи айрим сотувчилар ҳалигача янги бозорга кўчиб ўтишни исташмаяпти.

Уларнинг айтишича, янги бозор шаҳар ҳудудидан 1–2 км узоқроқда жойлашган, қолаверса, йўловчи таксиларнинг бекати ҳам айнан мана шу эски бозорга яқин экан. Шу сабабли харидорлар эски бозордан савдо қилишга одатланиб қолишган экан. Вазиятни ўрганиш мақсадида сотувчи ва харидорлар фикрини ўргандик.

Аслида, бу эски бозор муассислари билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилиниб, фойдаланувида бўлган 0,87 га ер майдони туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтарилган. 

Маълумот учун, Поп шаҳар марказидаги собиқ «Поп деҳқон бозори» ва унинг туташ ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари, аҳолига савдо ва маиший соҳада хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўп қаватли замонавий турар жой бинолари, болалар боғчаси қурилиб, 150 та ишчи ўрни яратиш режалаштирилган.

«Mega Sport Club» МЧЖ томонидан киритилган лойиҳа таклифида собиқ «Поп Деҳқон бозори»га туташ ҳудудда жойлашган савдо дўконлари эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда улар билан келишувга эришиш мақсадида 3 та келишув таклифи берилган, яъни:

·       уларга тегишли бўлган савдо дўконларини хусусий баҳоловчилар томонидан баҳоланган суммасини тўлиқ тўлаб бериш;

·       ҳозирда фойдаланиб келаётган савдо дўкони ўрнида тенг қийматда янги замонавий дўкон қуриб бериш;

·       уларнинг дўконлари ўрнида янги дўконни қуриб битказгунга қадар «Поп савдо маркази» МЧЖда мавжуд янги қурилган дўконлардан бепул асосда бериш.

«Поп Барака бозори» МЧЖ раҳбари Рустам Мирзахоловнинг таъкидлашича, ҳозирда собиқ деҳқон бозоридан келган барча савдогарлар ва сотувчилар учун жой ажратиш ва зарур шароитларни яратиб бериш ишлари олиб борилмоқда.

Ўйлаймизки, ушбу бозор сотувчилар учун ҳам харидорлар учун ҳам бирдек манфаатли бўлади.

P.S. Лавҳамиз тайёр бўлиб, эълон қилиниш жараёнида эски бозор ҳудудидаги савдогарлар тушунтириш ишларидан сўнг янги бозор ҳудудига кўчиб ўтган. Бу ҳақида бизга туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Юлдузхон Юлдашева, Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top