10:24 / 26.12.2020
16174

«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси келаси йилдан имтиёзли кредит ажратмайди» — Молия вазирлиги

Молия вазири ўринбосари ёшларнинг имтиёзли кредит олишдаги қийинчиликлари юзасидан фикр билдирди. Шунингдек, «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси 2021 йилдан имтиёзли кредитлар ажратмаслиги маълум бўлди.

2021 йилдан эътиробан, ёшларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмайди. Бу ҳақда Молия вазирлиги биносида ўтказилган Сенат қўмита йиғилишида Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев маълумот берди.

Вазир ўринбосарига кўра, келгусида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали банк ставкаларини компенсация қилиб бериш механизмига кўпроқ эътибор қаратилади.

«Ҳар доим имтиёзли кредитлар самарали бўлади. Бироқ уни кимларга бериш керак, деган масалада ҳар доим ҳам шаффоф йўл тутишнинг имкони йўқ.

Шу сабабли Марказий банк билан келишган ҳолда, имтиёзли кредитлардан қочиб, ундан кўра, аниқ бенефициарлари бўлган ҳолда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали банк ставкаларини компенсация қилиб бериш механизмига кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Бу билан «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси пуллари йўқолиб қолмайди. Ёшлар агентлигининг бошқа тадбирлари бор. «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан ўтказиладиган китобхонлик, спорт тадбирлари, ёшлар билан боғлиқ барча тадбирлар маблағлари Ёшлар агентлигида сақланиб қолган. Фақат кредит бериш сиёсати Марказий банкка ўтган» – дейди Жамшид Абруев.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йили 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказилган учрашувда Ёшлар иттифоқи ташкилоти муаммоларига тўхталиб, Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббусини илгари сурганди.

Шундан сўнг, давлат раҳбари мутасаддиларга Ёшлар Иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини ташкил этиш, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси самарадорлигини ошириш бўйича таклиф киритиш топшириғини берганди.

Top