13:18 / 04.01.2021
6266

Тошкентда ер ости магистралларидаги носозликларни сунъий йўлдош орқали аниқлаш тизими жорий этилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Исроил компанияси билан ҳамкорликда шаҳар магистрал тизимларини таъмирлаш ишлари бўйича технологияни трансфер қилиб Ўзбекистонда жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда.

Исроил компанияси томонидан таклиф этилган инновацион технология магистрал қувурлар ўтадиган йўлларни тўсмасдан, асфалтни бузмасдан қувурларни янгилаш имконини беради.

Маълум қилинишича, аввало, компания мутахассислари сунъий йўлдош ёрдамида қувурлардаги тешилиш ҳолатларини аниқлашди. Бунда қувурлар ҳолати билан бир қаторда сув, канализация, электр кабеллари, телекоммуникация, газ қувурларининг жойлашган ўрни аниқланиб харитага туширилди. Компания раҳбари Моше Четритнинг айтишича, мазкур технология ер остидаги қувурлар қандай ҳолатда эканини аниқлашда қўл келади.

«Maya International технологиялари ер ости инфратузилмасини хариталашга қаратилган. Агар ер остидаги совуқ ва иссиқ сув, канализация қувурлари электр трассаларида бирор авария ҳолати юз берса, у ерни қазиш ва уларни таъмирлаш ишларини амалга оширишдан аввал ер остида қандай ҳолат эканини айтиб бера оламиз.

Бундан ташқари, биз ер ости қувурларининг тешилган жойларини аниқлаб берувчи инновацион технологияни ҳам олиб кирганмиз. Мазкур технология сунъий йўлдош орқали катта ҳудудлар, дейлик Тошкент шаҳри ер ости магистралларидаги носозликни аниқлаб беради. Сўнгра мутахассисимиз билан сув сизиб чиққан жойнинг ўзига бориб, махсус верификация ишлари олиб борилади.

Шундай қилиб, биз қисқа вақт оралиғида кўплаб қувурлардан сув сирқиб чиқаётган нуқталарни аниқлашга муваффақ бўламиз. Мана шу технологиямиз ёрдамида жорий йилда Тошкент шаҳридаги сув қувурларида 1500 та тешиклар ва ёриқлар аниқланди.

Бунча авария ҳолатларини қисқа муддатларда аниқлаб, бартараф этиш орқали қанчадан қанча сув ресурсларини иқтисод этишга эришилди. Ҳозирда эса ер остидаги қувурларини очмасдан таъмирлаш технологиясини олиб киришни режалаштирдик.

Бунда мавжуд трубалар олиб ташланмай, катта қазиш ишлари олиб борилмай, қувур ичида янги қувур ҳосил қилинади. Бир нуқтани қазиб, кунига 200 метр қувурни таъмирлаш мумкин бўлади.

Шундай қилиб, ойлар даврида қилинадиган ишларни кунлар, йиллар давомида амалга ошириладиган таъмирлаш ишларини ойлар давомида амалга оширишга эришилади. Таъмирлаш ишлари давомида эса йўллар ёпилмайди, аҳолига ноқулайликлар туғдирилмайди, экологияга зарар етказилмайди», деди компания раҳбари.

Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бобохонов технология ёрдамида эришилган иқтисодий самарадорлик ҳақида маълумот берди.

«Жорий йилда мазкур технология ёрдамида пойтахтимизда 1108 та сув сирқиш нуқталари ямалиб, 5 млрд сўм иқтисодий самарага эришилди.

2021 йилда эса вазирлигимиз ва «Сувсоз» ДУК билан ҳамкорликда очилган Ўзбекистон-Исроил қўшма корхонаси Тошкент вилоятида иш бошлайди ҳамда бу тизим кейинчалик республикамиздаги бошқа вилоятларга ҳам жорий этилади. Айниқса, қазиш ишлари олиб бориб бўлмайдиган жойларда мазкур ер қувурларини таъмирлаш ва янгилаш тизими ўз афзалликларини яққол намоён этмоқда», деди вазирлик вакили.

Маълум қилинишича, янги технология ёрдамида бажарилган ишлар самардорлигига 50 йиллик кафолат берилади.

Top