Жаҳон | 22:56 / 19.02.2024
7003
2 дақиқада ўқилади

Япония коинотга биринчи ёғоч сунъий йўлдошни учиради

У замонавий металл сунъий йўлдошларга экологик тоза муқобил сифатида кўрилмоқда.

Япониялик олимлар дунёдаги энг ғайриоддий космик аппаратни ясади, у ёғочдан қилинган. Материал сифатида магнолия ёғочи танланган. Халқаро космик станциясида (ХКС) ўтказилган тажрибалар давомида у яхши кўрсаткичларга эришган. 

Кичик LignoSat зонди Киото университети тадқиқотчилари томонидан Sumitomo Forestry ўрмон хўжалиги компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Лойиҳа муаллифлари биологик парчаланадиган материаллардан замонавий сунъий йўлдошларни ташкил этувчи металларга экологик тоза муқобил сифатида фойдаланиш мумкинлигини синаб кўрмоқчи. 

Қайд қилинишича, ҳозирги сунъий йўлдошлар хизмат муддати тугатгандан сўнг, Ер орбитасидан атмосферага тушади ва ёниб кетади. Оқибатда ҳавода алюминий бирикмаларининг майда зарралари аралашмаси қолади. Сунъий йўлдошлар сони ортиб бораётган ҳисобга олинса, атмосферага тушган алюминийнинг бундай массаси жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 

Дастлаб, LignoSat лойиҳаси коинотнинг мураккаб шароитларини ўз ичига олган лаборатория синовларидан ўтказилди. Ҳар хил турдаги ёғоч намуналари яхши кўрсаткичларга эришди ва сезиларли ўзгаришларга дуч келмади. Кейин улар ХКС ичида деярли бир йил синаб кўрилди. Шундан сўнг, олимлар ёғочнинг айрим турлари қанчалик яхши сақланиб қолганини таққослаб кўришди. Якунда магнолия дарахти танланди. 

Лойиҳа муаллифлари унинг муваффақиятига ишонмоқда, чунки коинотда ёғочни парчалайдиган кислород ва тирик организмлар йўқ. Шунинг учун орбитадаги LignoSat зондига ҳеч нарса таҳдид солмайди. Қурилма коинотда камида олти ой бўлади, шундан сўнг у атмосферанинг зич қатламларида ёниб кетади. Агар иш пайтида ҳеч қандай муаммо юзага келмаса, келажакда ёғочдан каттароқ сунъий йўлдошлар қурилиши мумкин. 

Ёғоч сунъий йўлдош шу йил охирида коинотга учирилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид