Сергели ер усти метро йўналиши ишга туширилиши муносабати билан Тошкент шаҳрида 2021 йил 11 январ санасидан 8-, 32-, 38-, 80-,131-, 132-, 133-сонли автобус йўналишлари мақбуллаштирилиши маълум қилинди. Бу хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида норозиликларга сабаб бўлди.
![](https://storage.kun.uz/source/6/8QYj9FkAkW36ZycOPplZdsJNZST8lztx.jpg)
2020 йил 26 декабрдан бошлаб, Тошкент метрополитенининг Сергели ер усти йўналишининг очилиши муносабати билан Сергели ва Янгиҳаёт туманлари орқали ҳаракатланувчи 7 та автобус йўналишлари фаолиятини 2021 йил 11 январ кунидан бошлаб мувофиқлаштириш жорий қилинди.
“Тошшаҳартрансхизмат” томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, Сергели 7-даҳасидан – Чилонзор 25-даҳага қатновчи 8-сонли, Сергели 7-даҳадан – Гулобод кўчасига қатновчи 132-сонли автобус йўналишларини ёпиш, 32-, 80-, 131-, 133-сонли автобус йўналишлари ҳаракатини қисқартириш, 38-сонли автобус йўналиши ҳаракатини эса узайтириш белгиланган эди.
Режада келтирилишича, мазкур 7 та автобус йўналишларидан бўшаган 25 та автобуслар Сергели, Янгиҳаёт ва Чилонзор туманларидаги йўловчилар оқими кўп бўлган ва автобуслар сони етишмаётган бошқа йўналишларга қўйилади.
Хусусан:
131-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Олимпия мавзеси” автобус йўналишида хизмат кўрсатиш ҳуқуқи “12-автобус саройи” МЧЖдан “4-автобус саройи” МЧЖга ўтказилади. Ушбу йўналиш ҳаракати “Дўстлик 2-мавзеси”дан “Жанубий вокзал” автошоҳбекатигача қисқараётганлиги муносабати билан йўналишдаги жадваллар сони 12 та этиб белгиланади. 8-сонли автобус йўналиши ёпилиши ҳисобига бўшаган 12 та Mercedes Benz русумли автобуслар “4-автобус саройи” МЧЖ томонидан 131-сонли йўналишда тасарруф этилади;
62-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – М.Юсуф кўчаси” автобус йўналишидаги ҳаракат таркиби 8 та SAZ LE-60 русумли ўрта сиғимли автобуслардан 10 таси MAN A22 русумли катта сиғимли автобусларга ўзгартирилади ҳамда йўналишда ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та) кўпайтирилади;
47-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Гулобод кўчаси” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 12 тага (+4 та катта сиғимли автобусларга) оширилади;
58-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Экскаватор заводи” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 16 тадан 18 тагача (+2 та катта сиғимли автобусларга) етказилади;
40-сонли “Сергели 12-даҳаси – Тошкент вокзали” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та катта сиғимли автобусларга) кўпайтирилади;
48-сонли “Новатор ИЧБ – Ал-Хоразмий мавзеси” автобус йўналишидаги ҳаракат таркиби 4 та ISUZU русумли кичик сиғимли автобуслардан 8 та SAZ LE-60 русумли ўрта сиғимли автобусларга ўзгартирилади. Йўналишда ҳаракатланадиган автобуслар сонини 4 тадан 8 тага оширишга эришилади;
48-сонли автобус йўналишидан бўшаган 4 та ISUZU русумли автобуслар белгиланган жадваллар сонини тўлдириш учун автобуслар сони етишмаётган 66-сонли “Сергели Спутник 17-даҳаси – Тошкент вокзали”, 184-сонли “Бинокор қўрғони – Қипчоқ автошоҳбекати” автобус йўналишларига бириктирилади. 66-сонли йўналишга 2 та, 184-сонли йўналишга 2 та ISUZU русумли автобуслар бириктирилади. 40, 47, 48, 58, 62-сонли автобус йўналишларидаги автобуслар сонининг жами 14 тага кўпайтирилиши “Дўстлик 2-мавзеси - Жанубий вокзал” манзиллари оралиғида ҳаракати қисқараётган 131-сонли йўналишга муқобил йўналишларни шакллантириш имкониятини беради;
135-сонли “Назарбек қўрғони – Тўқимачилик комбинати” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 7 тадан 10 тага (+3 та кичик сиғимли автобусларга) қўшилади;
32-сонли “Эркин қўрғони – Гулобод кўчаси” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та кичик сиғимли автобусларга) кўпайтирилади.
Шунингдек, йўловчилар томонидан Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳудудидан Чилонзор туманидаги бекатларгача етиб олиш учун жамоат транспортларида - метрополитенда (5-бекатдан – Чилонзор бекатигача) – 15 дақиқа, автобусда (Дўстлик ва Сергели ярмарка бекатларидан) – 35-50 дақиқани ташкил этиши мақсад қилинган.
Режага мувофиқ, аҳолининг метрополитен хизматидан фойдаланишга ўтиши натижасида, уларнинг жамоат транспортларидаги қатнов вақтлари 70 фоизгача тежалади.