18:50 / 06.01.2021
3664

Танзила Норбоева Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласи аввалги ялпи мажлисда кўриб чиқилмаганига изоҳ берди

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳақида фикрларини билдириб, аслида мазкур масала ўнинчи ялпи мажлис кун тартибига киритилгани, бироқ масала ўта жиддий бўлгани боис қонунни шошма-шошарликка берилмасдан атрофлича ўрганишга қарор қилинганини таъкидлади.

«Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласи жуда долзарб. Ушбу масалани 10-ялпи мажлисда кўриб чиқиш фикри ҳам йўқ эмас эди, у кун тартибимизда бор эди. Лекин масала ўта жиддий бўлгани боис, уни атрофлича ўрганишга, яъни шошма-шошарликка берилмасдан кўриб чиқишга, айниқса, суд тизимидаги ўзгаришлар фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш масалаларига тўғридан тўғри алоқадор бўлгани боис, ҳудудлар манфаатлари нуқтайи назаридан чуқур таҳлил этишга қарор қилдик.

Қонун матни ОАВда, ижтимоий тармоқларда эълон қилиниб, жамоатчилик фикри ўрганилди. Шу билан бирга, масъул қўмита, яъни Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан маҳаллий кенгашлар билан бирга ўрганишлар, таҳлиллар, маслаҳатлашувлар олиб борилиб, тегишли хулосалар тайёрланди. Маҳаллий кенгашлар билан маслаҳатлашув дегани – халқ билан маслаҳатлашув дегани, чунки улар халқ вакиллари.

Сенаторларимизнинг чиқишларидан ҳам маълум бўлдики, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун – суд тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги навбатдаги муҳим ҳужжатдир. Фақатгина унинг мазмун-моҳиятини, назарда тутилган ўзгаришларнинг афзалликларини халқимизга ўз вақтида ва тўғри тушунтиришимиз керак бўлади.

Бунинг учун нафақат масъул қўмита, балки ҳар бир сенатор, маҳаллий кенгашлар депутатлари, сафимизга қўшилган Ёшлар парламенти аъзолари масъул бўлиши лозим. Бунда ОАВ, жумладан интернет нашрлари, блогерлар билан яқин ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқ», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар сенаторлар томонидан бугун – 6 январ куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда маъқулланди. Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар судлар фаолиятига оид бўлиб, 14та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилади, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.

Маълумот учун, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 14 марта ўзгартиш киритилган. Сўнги ўзгариш мамлакат Бош қонунига киритилган 15-ўзгартиш ҳисобланади. 

Top