17:46 / 07.01.2021
7244

Чақалоқ савдоси кўпайиб бораётганига боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани асосий сабаблардан бири – ИИВ масъули

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Наргиза Ҳожибоева сўнгги йилларда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар анча камайгани, бироқ чақалоқлар ва болалар савдосининг улуши сурункали равишда ортиб бораётганини маълум қилди.

«2020 йилга келиб одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробарга камайган. Масалан, 2012 йилда 574та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 94та, 2020 йилда эса 74тагача камайган. Бироқ таҳлиллар ушбу даврда чақалоқлар ва болалар савдоси улуши сурункали равишда ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

2017–2020 йиллар ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185та жиноят аниқланган. Жумладан, 2017 йилда 69та, 2018 йилда 46та, 2019 йил 41та, 2020 йилнинг 11 ойида 34та ана шундай жиноятлар аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айблов хулосаси билан тегишли тартибда судга оширилган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган.

Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан айтиб ўтсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. [Ҳомиладор бўлиб қолганини] ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп», дея Наргиза Ҳожибоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ масъулининг таъкидлашича, чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги, она ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб бола туғилгунга қадар вақт орасида чақалоқ савдосига йўл қўймаслик бўйича самарали механизм ва қонунчилик базасининг йўқлиги ҳам ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратаётганини қўшимча қилди.

Top