19:11 / 07.01.2021
9171

Нукус давлат педагогика институтига қабул жараёнида имтиҳон ўтказиш қайдномалари сохталаштирилгани маълум бўлди

Нукус давлат педагогика институтидаги факультет қабул комиссияси масъул ходимлари ижодий имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш жараёнида айрим абитуриентларга қўшимча баллар ёзишгани аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Г.Б. Нукус давлат педагогика институти факультетларидан бирида 2020/2021 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш бўйича касбий (ижодий) имтиҳон натижаларининг расмийлаштирилишидан норози бўлиб Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилган.

У ўз шикоятида Нукус давлат педагогика институтидаги факультет қабул комиссияси масъул ходимлари томонидан касбий (ижодий) имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш жараёнларида айрим абитуриентларга тўплаган балларига қўшимча баллар ёзилгани ҳамда имтиҳон натижаларини эълон қилишда белгиланган тартибга риоя этилмаганини билдирган.

Агентлик томонидан мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳолатларда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви аломатлари мавжуд бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан ўрганилиши учун тўпланган ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига юборилган.

Прокуратура томонидан олиб борилган терговга қадар текширув давомида касбий (ижодий) имтиҳон орқали ўқишга қабул қилиш жараёнларида комиссия раиси ва комиссия аъзолари томонидан имтиҳон ўтказиш қайдномаларига сохталаштириш йўли билан ёлғон маълумотлар киритилгани аниқланган.

«Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши материаллари терговга тегишлилиги бўйича ички ишлар органларига юборилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади», дейилади агентлик маълумотида.

Top