Ўзбекистон | 19:26 / 01.08.2023
23173
6 дақиқада ўқилади

Тестда ухлаб қолган абитуриент, ҳаяжонда кутаётган ота-оналар — имтиҳоннинг илк куни қандай ўтди?

“Ҳужжатларимни уйдагилар топшириб юборган”, “Юрагим билан сезяпман, ўғлим кириб кетади”, “Балки, умуман балл тўплаёлмагандирман” – булар имтиҳон топшириб чиққан абитуриент ва уларни интиқлик билан кутаётган ота-оналар, бува-бувилар сўзлари. Kun.uz имтиҳоннинг илк куни таассуротларини билиш учун уларга микрофон тутди.

Ўзбекистондаги олийгоҳларга кириш йўли (имтиёзларни айтмаганда) фақат Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ ДТМ) орқали ўтади. Ва бу имтиҳон кўп абитуриентлар учун ҳаётининг янги босқичини бошлаб беради. 2-3 йил олдин ўзининг қийин тестлари билан эътирозларга сабаб бўлиб келган ташкилот бу йилги тестларни қандай ўтказишни бошлади, ота-оналар ва бўлажак талабаларнинг имтиҳон ҳақидаги фикрлари қандай?

Ота-оналарга микрофон тутганимизда, уларнинг кўпчилиги бу йил кутиш учун яхши шароит яратиб берилгани ҳақида айтишди.

Болам IELTS олган. Умидимиз катта. Ҳаёжоним кучли. Рақобат кучли, ҳамманинг боласи яхши натижага эришсин-у, меҳнат қилган ўқиганларники кўпроқ натижага эришишини хоҳлайман”, – дейди “Ёшлик” спорт мажмуасида имтиҳон топширгани кирган фарзандини кутаётган она.

Ота-оналардан кейин имтиҳондан чиққан абитуриентларни ҳам саволга тутдик. Уларнинг айримлари бу йил тестлар нисбатан осон тушганини айтди.

1 йилдан бери тайёрланаман. Тестлар ўртача қийинликда тушди. Яхши натижа кутяпман”, – дейди “Ўзэкспомарказ” ҳудудида имтиҳон топшириб чиққан абитуриентлардан бири.

Яна бири эса тестни яхши ечиб чиққани 150 баллдан кўпроғига умид қилаётганини айтади.

Устозим абитуриентлик вақтларида ҳамма китобларини олиб келиб, имтиҳондан чиққанларидан кейин эсда қолган саволларнинг жавобини текшириб чиққан экан. Мен ҳам эсимда қолганини китобларимдан текширган эдим, 3-4 таси тўғри чиқди. Менимча, ҳуқуқ фанидан 22 тадан кўпроқ саволга тўғри жавоб берганман, мажбурийларимни билмайман”, – дейди у.

Тест ечиб чиққан абитуриентлар орасида белгилаган жавобларини китоб билан солиштиришга киришиб кетганини ҳам учратдик.

5 та саволга жавобни [жавоблар варақасида] хато қилиб бўяб қўйдим. Қарасам, негадир жавобларнинг кетма-кетлиги бир-бирига тўғри келмаяпти. Кейин бошқатдан таҳлил қилиб чиқсам, рус тили фанидан 5 тасини хато белгилаб қўйибман. Энди 5,5 балл "минус" бўладиган бўлди. Ҳуқуқ фанидан 28 та, рус тилидан 5 та, математикадан 8 та саволга тўғри жавоб берганимга ишонаман. Тарихни эса ўқимаганман, билмайман”, – дейди “Ёшлик” спорт мажмуасида имтиҳон топшириб чиққан абитуриентлардан бири.

Бошқа бир абитуриент эса имтиҳонни таваккалига топширгани учун тестларнинг мураккаблик даражасини унча фарқлай олмаганини айтади.

Тайёрланганим йўқ. Балки 10, балки 20, балки умуман балл тўплай олмасман”, – дейди яна бир абитуриент.

Яна бири топширган йўналишини ўзи ҳам билмаслигини, уйдагилари унинг ўрнига ҳужжат топширганини айтади: “Тест ечаётиб, ичкарида ухлаб қолдим”, – дейди у.

Бу йилги имтиҳонларнинг яна бир яхши томони очиқ майдонларда эмас, усти ёпиқ биноларда ташкиллаштирилаётгани бўлди. Буни абитуриентларнинг ўзи ҳам бир неча бор тилга олишди. “Бу йил тест ечиш жойларини ичкарида ташкиллаштириб жуда яхши қилишибди. Ўтган йиллар пандемия туфайли очиқ ҳавода ўтгани сабаб жуда иссиқ эди”, – дейди абитуриентлардан бири.

Имтиҳон жараёнларида бир жиҳат эътиборимизни тортди. Тошкент шаҳрида тест синовлари ўтаётган “Ўзэкпомарказ”нинг асосий дарвозасида Миллий хавфсизлик ва Ички ишлар ходимлари абитуриентларга бирор бир дори воситасини олиб киришга рухсат бермаётганига кўзимиз тушди. Лекин Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати вакили Жамшид Одилов агар бирор дори воситаси абитуриентнинг соғлиғи билан боғлиқ бўлса, уни ўзи билан олиб кириши мумкинлигини маълум қилди.

"Агар соғлиғига таъсир қиладиган қандайдир дори воситалари бўлса, ўзлари билан олиб киришлари мумкин. Абитуриент буни киришда текширишда турган Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимига тушунтирса, улар рухсат бериши керак", – деди у.

Маълумот учун, янги ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бутун республика бўйлаб 1-августдан бошланиб, 13 августгача давом этади. 2023-2024 ўқув йилида ОТМ бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 948 486 нафар абитуриент иштироқ этиши кутилмоқда. 

Тест синовлари жами 72 та бинода, 2 сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 8:00да, иккинчи смена эса 15:00да бошланади. Бинолар ёнида ота-оналар учун махсус кутиш жойлари тайёрланган, улар имтиҳон жараёнини ўша ердан туриб монитор орқали кузатиб туришлари мумкин.

 Журналистлар – Зуҳра Абдуҳалимова, Дилшода Шомирзаева, Аббос Юсуфжонов

Оператор ва монтаж усталари – Муҳиддин Нидо, Асрор Алмурадов, Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид