19:47 / 08.01.2021
4532

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари: «35 фоиз сув қувурларимиз эскириб кетган. Шу сабаб кўп сув йўқотяпмиз»

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари Соҳибжон Саифназаров соҳани яхшилаш йўлидаги энг катта муаммолар ва вазирлик олдидаги режаларни санаб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Соҳибжон Саифназаров

«Охирги вақтларда бизнинг соҳага ҳам катта инвестициялар киритиляпти, лекин, афсуски, соҳадаги муаммолар бу билан ечилиб қолгани йўқ.

Бизда қатор муаммолар йиғилиб қолган. Улардан биринчиси – янги қурилишлар сифатининг пастлиги. Уларда янги технологиялар қурилиш нормаларига нисбатан жуда кам ишлатиляпти», – деган у 8 январ куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Соҳибжон Саифназаровга кўра, вазирлик бу муаммонинг ечими учун янги тизим – лойиҳаолди ўрганишларни йўлга қўймоқчи.

«Биз бунда гидрогеологик изланишларни яхшилаймиз. Бундан ташқари, ҳар бир лойиҳа эндиликда вилоят, туман ва маҳалла кесимида аҳоли ва депутатлар билан бирга кўриб чиқилади», – деган Саифназаров.

Вазир ўринбосари соҳада эътибор қаратиш керак бўлган яна бир муҳим масала сифатида тендерлар масаласини айтиб ўтган. Унга кўра, шу йилдан бошлаб вазирлик тизимидаги барча тендерлар фақат онлайн тарзда ўтказилади. Шу билан бу жараёнда инсон омилидан тўлиқ воз кечилади.

«Биздаги яна бир катта муаммо бу – сув йўқотишлар масаласи. Ҳақиқатда тизимимиз эскириб кетган. Бизда 35 фоиз қувурлар эскирган ва уларни тўлиқ алмаштириш керак. Бу борада ҳам биз янги, энергия тежамкор ускуналар ўрнатишни режалаштиряпмиз», – дея таъкидлаган Саифназаров.

Вазир ўринбосари маълум қилишича, шу йилдан соҳада «Рақамли сув таъминот» номли дастур ишлаб чиқилади. Осиё тараққиёт банки билан бирга қилинаётган ушбу дастур эса вазирликка жами ичимлик сувининг ҳисобини чиқариш имконини беради.

«Ҳозир бизда сув насосларининг ҳам 30-35 фоизи маънан эскирган ва улар жуда кўп энергия сарфлаяпти. Шунинг учун ҳозир биздаги сув нархида электр энергиянинг улуши 47 фоизни ташкил этади. Бошқа давлатларда эса бу кўрсаткич 20-25 фоиз. Биз шунинг учун 2021 йилнинг ўзида 100га яқин насосларни алмаштиришни режалаштиряпмиз. Бу жараёнда қуёш панелларидан ҳам фойдаланамиз», – таъкидлаган вазир ўринбосари. 

Top