22:29 / 13.01.2021
11174

Инвестиция қанча бўлган? Сардор Умурзоқов Марказий банк ва вазирлик рақамларидаги тафовутга изоҳ берди

Марказий банк ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғридан тўғри инвестициялар маблағлари ҳисоботини турли рақамларда, катта фарқ билан эълон қилади. Маълум бўлишича, мазкур жараёнда вазирлик ҳисоб-китоблари БМТ методологиясига, Марказий банкники эса Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси методикасига таянади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тўғридан тўғри инвестициялар бўйича келтириладиган рақамлар мазкур икки ташкилот томонидан нега икки хил кўринишда тақдим этилишига изоҳ берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Тўғридан тўғри инвестициялар бўйича рақамларни бизнинг вазирлик билан Марказий банкда турли кўринишда бўлишининг асосий сабаби, бу ҳисоб-китоб усуллари турлича», – деди вазирлик раҳбари 12 январ куни ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, вазирлик ҳисоб-китоблари БМТ методологиясига, Марказий банкники эса Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси методикасига асосланган.

«Марказий банк билан бизнинг вазирлик статистикасида катта фарқ бор. Чунки Марказий банк Халқаро валюта жамғармасининг алоҳида методикасидан фойдаланади. Уларники тўлов баланси бўйича статистикани ҳисоб-китоб қилганда келиб чиқадиган рақамлардир. Яъни Марказий банк бевосита пул шаклида келадиган инвестицияларни ҳисобга олади. Шунда ҳам, агар эътибор берилса, улар ҳар чоракда эълон қилинадиган рақамлар сальдосинигина кўрсатади. Яъни киргандан чиққандан айириб, соф рақамни кўрсатади.

Тўғридан тўғри инвестициялар нафақат пул кўринишида, балки Ўзбекистонга асосан технология шаклида, яъни ускуна, механизмлар, лицензиялар ва шунга ўхшаш активлар кўринишида кириб келади. Жуда кўп инвесторларимиз ўзи келаётган давлатдан технология сотиб олади. Масалан, хитойлик бўлса, Хитой техникасини олиб келади. Европалик бўлса, Германия, Италияники ва бошқалар. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз БМТ методологиясига асосланган. Давлат статистика қўмитаси билан ҳам бизнинг рақамимиз прогнозида фарқ бўлиши мумкин. Лекин якуний ҳисоб-китоб қилинганда фарқ бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мана кутамиз, 15-20 январда ўтган йилнинг якуний кўрсаткичи эълон қилинади.

Тан олиш керак, статистикада бизда муаммолар бор. Бу статистика органларининг муаммоси эмас, балки тизимли муаммо, десам тўғри бўлади. Масалан, 2019 йилда ҳали ўзлаштирилмаган инвестициялар ҳам статистикада ўзлаштирилган деб кўрсатиш ҳоллари бўлган. Биз уларни имкон қадар тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз. Лекин иккинчи масала ҳам бор. Бу айниқса, Тошкент шаҳрида кўп кузатиляпти.

Жуда кўп тадбиркорларимиз, инвесторларимиз инвестиция қилинган нарсани айниқса у ускуна ёки бошқа кўринишда бўлса, яъни пул шаклида бўлмаган ҳолатда олиб кирганида балансга олишни ва статистикада акс эттирилишини имкон қадар чўзишга ҳаракат қилади», – деди бош вазир ўринбосари.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат солиқ билан боғлиқ масалаларга тўғридан тўғри таъсир қилади. Бу омил ҳам рақамлар тўғри акс этмаслигига сабаб бўлмоқда.

Маълумот учун, 2019 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 220,7 трлн сўмга етказилиб, тасдиқланган йил прогнозига нисбатан 2 баробарга ўсганди. Хусусан, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар – 9,3 миллиард доллар (шундан асосий капиталга – 6,6 миллиард доллар) ва давлат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар – 4,0 миллиард доллар (шундан асосий капиталга – 3,2 миллиард доллар) ўзлаштирилганди.

Марказий банк маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси 2020 йилнинг 1 январида 12,3 миллиард долларни ташкил қилган. 

Top