15:38 / 18.01.2021
4315

Давлат бюджети харажатлари шаффофлигини ошириш учун нималар таклиф қилинмоқда?

Давлат бюджети маблағларининг сарфланиши юзасидан давлат назорати кучайтирилиши кутилмоқда.

Фото: Shutterstock

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағларини ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш тизими  жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури лойиҳасида маълумот берилган.

Лойиҳада Бюджет кодексига Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари лойиҳалари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан ҳар йили ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш назарда тутилади.

Шунингдек, бюджет тизими шаффофлигини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф қилинмоқда:

  • бюджет ташкилотлари ва давлат мақсадли жамғармаларининг депозитлари, берилган қарзлари ва қарз мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз веб-сайтларида чоп этишни таъминлаш;
  • вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни ўз веб-сайтларида эълон қилиш;
  • маълумотлар ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида мавжуд эмаслиги, тўлиқ жойлаштирилмаганлиги устидан назорат ва жаримага тортиш Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириш назарда тутилади.

Таъкидланишича, Молия вазирлиги Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир ой муддатда давлат молиявий назорати ва ички аудит тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ишларни жадаллаштиради.

Дастур лойиҳасида ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб бюджет қоидаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳам муҳокамага ҳавола этилган. Хусусан, умумий фискал тақчилликка юқори чегараларни ҳамда давлат қарзининг максимал чегарасини белгилаш, умумий фискал балансини ҳисоблашда ҳукумат номидан жалб қилинган ва қайта кредитланган ташқи қарз маблағларини инобатга олишни таъминлашга қаратилган бюджет қоидаларни белгилаш назарда тутилади.

Ушбу масала 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар бажарилиши таклиф қилинмоқда.

Top