Иқтисодиёт | 20:44 / 25.05.2021
8282
3 дақиқада ўқилади

Биринчи чоракда ЯИМ 3 фоизга ўсгани маълум қилинди

Давлат қарзи 2021 йилнинг 1 апрел ҳолатига 23,4 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 40,5 фоизни ташкил этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида 2020 йилдаги ва 2021 йил биринчи чорагидаги давлат бюджети ижроси муҳокама қилинди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январ-март ойларида республика иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 128,6 трлн сўмни ташкил этди.

Хусусан, иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизга, қурилишда 0,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 3,1 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида 2,8 фоизга ўсиши таъминланган.

Инфляция даражаси йиллик нисбатда 10,9 фоизни, ўтган йилнинг январ-март ойига нисбатан эса 2,7 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн сўмни, харажатлари 34,1 трлн сўмни, бюджет дефицити эса 188,2 млрд сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиётни жонлантириш ҳамда истеъмолни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий харажатлар 2021 йил 1-чорак якуни билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга оширилиб, 18,2 трлн сўмга тўғри келди.

«Ҳозирда юзага келган пандемия шароитида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар учун 2021 йилнинг 1-чорагида жами 387,5 млрд сўм маблағ ажратилди. Шундан коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларнинг 46 765 нафарига 186,7 млрд сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди», – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ўтган чоракда республика давлат мақсадли жамғармалари даромадлари прогнози 8 трлн 437 млрд сўм бўлиб, прогноз кўрсаткичлари 8 трлн 787 млрд сўм билан бажарилди. Шундан давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар 2 трлн 328 млрд сўмни ташкил этди.

Келтирилишича, ҳисобот даври учун Давлат мақсадли жамғармалари харажатлари 9 трлн 489 млрд 3 млн сўм миқдорида режалаштирилган бўлиб, 9 трлн 192 млрд 9 млн сўм миқдорида ёки 97 фоизга ижро этилди.

Шунингдек, давлат қарзи 2021 йилнинг 1 апрел ҳолатига 23,4 млрд доллар ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,5 фоизни ташкил этди. Жумладан, давлат ички қарзи 2,2 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 3,7 фоиз), давлат ташқи қарзи эса 21,2 млрд долларга (ЯИМга нисбатан 36,8 фоиз) етди.

Расмий релизга кўра, депутатлар ўтган давр ичида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ошиб бораётгани ва бу ҳолат аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётганини айтишган.

Мавзуга оид