Ўзбекистон | 20:38 / 15.04.2020
3891
4 дақиқада ўқилади

Устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар бизнес-режалари қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатлари бундан мустасно) қисқартириш ва иқтисод қилинган маблағларни республика бюджетига йўналтириш ваколати берилди.

Вазирлик, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари жорий йил 1 августига қадар бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан асосий воситаларни харид қилиш, қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни тўхтатади, молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

  • давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган юридик шахслар харажатларини мақбуллаштириш юзасидан уларнинг бизнес-режаларини танқидий қайта кўриб чиқиш;
  • тасдиқланган инвестиция дастурлари параметрларининг кузатув кенгашлари томонидан қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилишини таъминлаш ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб бориш;
  • устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотларда 2019 йил учун олинган ва 2020 йилда олинадиган соф фойда бўйича давлат улушига ҳисобланган дивидендларни тўлиғича Давлат бюджетига ўтказиш юзасидан тегишли чораларни кўриш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасида фаолият юритувчи устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотлар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушум ёки фойдани тақсимлашнинг алоҳида режимини белгилаш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, суд ва прокуратура органлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий органлари, уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар ва жамғармалар учун ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритиш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўн беш кун муддатда:

  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан амалга ошириладиган ва қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган инвестиция лойиҳаларни танқидий кўриб чиқиб, айрим лойиҳаларни кечиктириш бўйича тегишли қарор қабул қилиш;
  • коронавирус пандемияси ва глобал инқироз даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларни оптималлаштиришнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси юклатилди.
Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид