17:08 / 18.01.2021
5210

Таълим ва тиббиёт соҳасини назорат қилувчи парламент комиссияси ташкил этилмоқда

Комиссия ёшларнинг билим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ўз вақтида самарали амалга оширилиши устидан таъсирчан назорат олиб боради.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасида таълим ва тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент ва депутатлар назоратини амалга оширувчи парламент комиссияси ташкил этилмоқда.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, ташкил этиладиган парламент комиссияси ёшларнинг билим олиши учун кенг имкониятлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ўз вақтида самарали амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боради.

Жумладан, парламент комиссиясининг ҳар бир аъзоси аниқ ихтисослиги нуқтайи назаридан тегишли ҳудудларга масъул этиб бириктирилиб, улар ўз фаолиятини асосан жойларда амалга ошириши таъминланади. 

Натижада, ҳудудларда мунтазам равишда ўтказилган ўрганиш ва мониторинг ишлари маҳаллий кенгашларда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда атрофлича ва танқидий руҳда муҳокама қилинади. Жойларда олиб борилган назорат тадбирлари натижаси камида бир ойда бир марта парламент комиссияси йиғилишида муҳокама этилади.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг маълум қилишича, таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, таъсирчан парламент назоратини ташкил қилиш бўйича парламент комиссияси фаолиятини мувофиқлаштириш «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП фракциялари томонидан амалга оширилади.

Бугун Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов ва бош вазир ўринбосари Б.Мусаев иштирокида ушбу комиссиянинг дастлабки йиғилиши ўтказилиши белгиланган.

Top