12:12 / 19.01.2021
4008

Сергели туманида 14 дона дарахтнинг қўпориб ташлангани оқибатида ўсимлик дунёсига 151 млн сўм зарар етказилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели тумани, Спутник 4 мавзеси, 40б-уй олдида дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабар тарқалди.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан батафсил ўрганишлар олиб борилганини билдириб, расмий маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда жами 14 дона ҳар хил турдаги дарахтлар ҳеч қандай рухсатномасиз илдиз қисмидан қўпориб ташланган. Аниқланган ҳуқуқбузарлик юзасидан дарахтлар Toshkent Industrial Export Center қурилиш майдонига олиб кирилгани, шу билан бирга, 6 дона дарахт кўчириб ўтқазилгани маълум бўлди. 

Ҳолат юзасидан ўсимлик дунёсига жами 151,2 миллион сўм зарар етказилган. Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилгани маълум қилинган.

Top