08:07 / 19.01.2021
3675

ТИВ хорижга чиқмоқчи бўлган фуқароларни қалбаки ҳужжатлардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқароларининг чет эл мамлакатлари халқаро аэропортларига бориши билан хорижда даволаниш учун касаллик тўғрисидаги сохта ҳужжатларни ҳамда коронавирусни аниқлаш учун ўтказилган ПЗР тест манфий натижаси кўрсатилган қалбаки маълумотномаларни тақдим қилаётганига оид ҳолатлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, мазкур ҳолат фуқароларнинг хорижий мамлакат ҳудудига киритилмаслиги учун асос ҳисобланади. Шунингдек, қалбаки ҳужжатлар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнини ҳам қийинлаштирмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти хорижий мамлакатларга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан бегона шахсларнинг қалбаки тиббий маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаб беришда «ёрдамлашиш» борасидаги таклифларига кўнмасликни сўраган. 

Шу билан бирга, чет элга сафарга чиқишдан олдин ўша мамлакатда жорий қилинган чеклов чоралари ва талаблар билан синчиклаб танишиб чиқиш тавсия этилмоқда.

Top