22:18 / 20.01.2021
10337

«Ускунани бир марта ўрнатгани учун бир неча ой хизмат ҳақи олиш қонунга зид». Онлайн назорат касса машиналари ҳақида ДСҚ муносабати

Ускунани ўрнатиш, тадбиркорга ундан фойдаланишни ўргатиш, маҳсулотларни аппаратга жойлаб, ишга тушириб бериш хизмат ҳисобланади. Лекин бу иш ҳар ойда эмас, фақатгина бир марта бажарилади. Бунинг учун тадбиркорлик субъектларидан ҳар ой тўлов ундириш қонунчиликка зид, деб ҳисоблайди Солиқ қўмитаси ходими Ҳаётжон Насруллоев.

Давлат Солиқ қўмитаси департаменти директори Ҳаётжон  Насруллоев онлайн назорат касса машиналарини жорий этиш бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан Kun.uz мухбирига қисқа интервью берди.

Онлайн назорат касса машиналари нега керак бўлди?

Айни пайтда онлайн назорат касса машиналарини жорий этишнинг учинчи босқичи бошланди. Бунда савдо айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари ушбу касса машиналаридан фойдаланишмоқда.

Ҳозирги кунда тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган 13 турдаги онлайн назорат касса машинаси ва 11 турдаги виртуал касса дастурий маҳсулотларидан ихтиёрий танлов асосида фойдаланишлари мумкин.

Уларга ўзларига маъқул бўлган турдаги моделнинг хусусиятлари, нархи, фаолият турига мос келиши, функционал имкониятлари ва кейинчалик бундан фойдаланиш умумий харажатлари қанча бўлишидан келиб чиққан ҳолда танлаш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

Ойлик абонент тўлови ҳақида

Ҳаётжон  Насруллоев

Давлат солиқ қўмитаси томонидан назорат касса машиналари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жараёнлар тўлиқ ўрганиб чиқилмоқда. Бунда техник хизмат кўрсатиш марказлари қайси турдаги хизматларни қанақа шаклда кўрсатяпти, айнан буни тадбиркорлик субьектларига кўрсатилаётган хизматлар учун сўралаётган тариф режалари нима асосида шаклланганига эътибор қаратиляпти.

ОНКМни ўрнатиш, ишлатиб кўрсатиш, ускунадан фойдаланишни ўргатиш, маҳсулотларни аппаратга жойлаб ишга тушириб бериш ҳақиқатда хизмат ҳисобланади. Лекин бу иш ҳар ойда эмас, фақатгина бир марта бажарилади.

Кейинги ойларда ҳам хизмат харажатлари таркибига киритилиб, ҳар ой тадбиркорлик субъектларидан тўлов талаб қилиниши қонунчилик талабларига умуман мос келмайди.

Техник хизмат кўрсатиш марказларига ҳам мазкур талаблар айтилган. Ҳар бир тадбиркорлик субъекти биринчи навбатда ўзига мос келадиган ОНКМни танлайди. Қолаверса, бу ерда техник хизмат кўрсатиш марказлари ёки ОНКМни ишлаб чиқарувчилар ҳам ўзининг сотаётган маҳсулоти ва кўрсатаётган хизматларни бозордаги қиймати қанчалик юқорилигидан келиб чиққан ҳолда мижозлари сонининг эртага камайиши ёки йўқолишидан ҳам хавотир бўлади. Шунинг учун нарх сиёсатини тўғри кўриб чиқиш керак.

Кейинги босқичда тадбиркорлик субъектлари ўзига кўпроқ мижоз бўлишини истаса, ўзининг тарифлари ва нархларини имкон қадар арзон қилган ҳолда тадбиркорлик субьектларига кенг, қулай ва сифатли хизматлар яратиб бергани мақсадга мувофиқ.

Онлайн назорат касса машиналари солиқлар кўпайишига хизмат қиладими?

Онлайн назорат касса машиналари(ОНКМ)ни жорий қилишдан асосий мақсад ––солиқларни кўпайтириш эмас, балки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Сабаби бизда аввал фойдаланилган назорат касса машиналарида чекларда фақатгина умумий сумма бўлган холос. Яъни, истеъмолчи нима товар сотиб олгани, унинг таркиби нималардан иборат экани кўрсатилмаган.

Авваллари фуқаро дўкондан сотиб олган товарининг сифатсиз эканини аниқласа, унинг чеки билан келган тақдирда ҳам айнан шу магазиннинг товарини олганини исботлаб беришнинг имконияти бўлмаган.

Ҳозирги ОНКМнинг асосий талабларидан бири –– берилган чекда маҳсулот таркиби, миқдори ва қанча қийматда сотилгани аниқ кўрсатиб ўтилади. Мободо истеъмолчида қанақадир эътирозлар пайдо бўладиган бўлса, бу товарни чек билан бирга келган ҳолда ўзининг ҳуқуқларини талаб қилиш имкони мавжуд.

Қолаверса, ОНКМнинг асосий хусусияти савдо операцияси ҳақидаги ахборотлар Давлат солиқ қўмитасига онлайн режимда юборилади. Маълумотларни кейинчалик ўзгартириб бўлмайди. Аввалги аппаратлар хотирасига ўзгартириш киритилиб, орқага айлантириб қўйиш муаммолари кўп учраган. Бундаги маълумотлар эса ўша заҳоти юборилгани ҳисобига буни орқага айлантиришнинг ҳеч қанақа иложи йўқ. Бу тўлиқ ёпилган.

Мазкур тизим солиқларни ҳисоблаш базасини тўғри аниқлашга ёрдам беради. Солиқ ҳисоботларини автоматик равишда шакллантириш, айланма ёки умумий белгиланган солиқ тўловчилар бўладими, бу ерда уларни қанча савдо тушумига эга эканлиги тўғридан тўғри маълумотлар базасида шаклланади ва у ерда солиқ ҳисоботида ўша нарса акс этади.

Янги тизимнинг қандай аҳамияти бор?

ОНКМ биринчи навбатда тадбиркорлик субъектлари ҳисоб тизимларини автоматлаштириш имконини беради. Яъни сотилган маҳсулотнинг миқдори, қиймати, даромадлилик даражаси, қайси маҳсулотлар кўпроқ ёки камроқ сотилганини ҳам таққослаш имконияти бор.

Яна бир жиҳати солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ҳар бир тадбиркорлик субьекти ўзи сотган чекларни кўриб бориши, таҳлил қилиши мумкин. Шунингдек, қайси маҳсулотлари харидоргир ёки керакли даромадни бера олмаётганини ҳам автоматлаштириш имкониятлари жорий этилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ОНКМга хизмат кўрсатиш учун ойлик абонент тўлови нархи шаклланиши ва белгиланиши юзасидан қўмитага мурожаат келиб тушган. Ҳозирда мазкур масала ўрганилмоқда.

Top