Жамият | 15:30 / 30.06.2022
22817
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Қудбиев ёш солиқчилар билан учрашувда ДСҚда ишлаш истагини билдирган қизни ишга олди

“Мен тизимда хотин-қизларнинг кўпроқ бўлиши тарафдориман. Агар сизнинг шундай ниятингиз бўлса, бажонидил, сизни бугуноқ ишга оламиз. Табриклайман, сиз эртадан қўмитада иш бошлашингиз мумкин”, деди Ёшлар кунида ёш солиқчилар билан учрашган ДСҚ раиси.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Фискал институтда солиқ тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимлар ҳамда институтда таҳсил олаётган талабалар билан учрашди.

Учрашув самимий, дўстона руҳда бошланди. Тадбирда ДСҚ раиси ўзининг ёшлиги, талабалик даври ҳақида гапириб, йигит-қизларга ўқиш, ўрганишга бўлган иштиёқни асло сўндирмаслик лозимлигини, барча муваффақиятлар замирида меҳнат ётишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, учрашувга тизимдаги ёш ходимларнинг раҳбари, институт ректори сифатида эмас, балки ёшлар билан ака-ука, ака-сингил сингари олдиндан белгиланган сценарийлардан чекинган ҳолда, дилдан суҳбат қилиш учун келганини айтиб, ёшларни эркин суҳбатга чорлади.

Ёшлар ўзини қизиқтирган саволлар билан бирга, таклифларини ҳам билдирди. Айниқса, давлат солиқ хизмати органларида “Ой ходими” номинациясини амалиётга татбиқ этиш, “Заковат” интеллектуал ўйинининг ДСҚ раиси кубоги” турнирини анъанавий шаклда ўтказиш, хотин-қизларни раҳбар лавозимларига тайинлаш, стол тенниси бўйича беллашувлар ўтказиш каби яна кўплаб таклиф ва мулоҳазалар иштирокчиларнинг олқишига сазовор бўлди.

Учрашув давомида тизимдаги самарали фаолияти учун ёш ходимлар ҳамда фан олимпиадаларидаги юқори натижалари учун Фискал институт талабаларидан иборат бир гуруҳ ёшлар тақдирланди.

Ёшлар билан учрашув якунида Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси ходими Диёра Раҳматова куннинг биринчи ярмида ҳудудий инспекциялардан келган 30 га яқин ёшлар қаторида Давлат солиқ қўмитаси фаолияти билан яқиндан танишганини, Қўмитада яратилган иш шароитлари, ахборот технологияларининг тизимга кенг татбиқ этилганини кўриб, жуда ҳавас қилганини, имкон берилса, Қўмитада ишлаш нияти борлигини билдирди.

ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев уни Қўмитага ишга олди:

— Мен тизимда хотин-қизларнинг кўпроқ бўлиши тарафдориман. Агар сизнинг шундай ниятингиз бўлса, бажонидил, сизни бугуноқ ишга оламиз. Табриклайман, сиз эртадан қўмитада иш бошлашингиз мумкин.

Ёшларга берилаётган имкониятлар ҳақида баландпарвоз гапларсиз, самимий ва албатта, йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларга бой ўтган учрашув ёш солиқчилар ҳаётида унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Тадбирдан сўнг ДСҚ раиси Фискал институтида талабаларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган қулайликлар билан танишди.

Y3HdHzhwdPf4e3HXWHsf7a5ogWrppWkd.jpg (1280×853)

ДСҚ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид