01:15 / 21.01.2021
13605

Самарқанддаги чорраҳалардан бирида олтита машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди

Самарқанд шаҳридаги чорраҳалардан бирида олтита машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Қошғарий кўчалари кесишган чорраҳада машиналардан бирининг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиши оқибатида олтита машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек кўчасидан келаётган Ласетти машинаси Маҳмуд Қошғарий кўчасидан чорраҳага чиқиб келган Нексия-2 билан тўқнашиб, кўчанинг қарама қарши томонига ўтиб кетган ва яна бир қанча машинага бориб урилган. Гувоҳларнинг айтишича, йўл транспорти ҳодисасида енгил шикастланган Орландо ва Каптива машиналарининг ҳайдовчилари гарчи содир бўлган ҳодисада жабрланувчи бўлишса-да, негадир воқеа жойидан кетиб қолишган. ЙҲХБ ходимлари етиб келганда ҳодиса жойида тўртта машина бўлган.

Қарама-қарши томонда бўлган ва Ласетти бориб урган машиналардан бири – Нексия машинаси ҳам енгил шикастланган. Ҳодисанинг асосий иштирокчилари Нексия-2 ва Ласетти ҳамда қарама-қарши томонда бўлган Кобальт машиналари жиддий шикастланган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жиддий жабрланмаган.

Ҳозирда воқеа жойида ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top