15:00 / 21.01.2021
3676

Стоматология институти Финландиянинг нуфузли университети билан ташкил этилган халқаро илмий журналнинг илк сони нашр этилди

Олий таълим муассасалари орасида ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-тадқиқот, изланишлар натижаларини алмашиниш ва дунё миқёсида ўзбек тиббиёти нуфузини ошириш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти ва Финландиянинг JAMK университети билан ҳамкорликда ташкил этилган «Medicine and innovations» илмий-амалий журналининг илк сони муштарийларга тақдим этилди.

Журнал концепцияси илғор маҳаллий ва чет эл илмий ва тиббий билимларини тарғиб қилиш ва тарқатиш, янги тиббиёт технологиялар бўлими-фундаментал тадқиқотлар ва илмий-амалий тиббиёт ўртасидаги информацион боғлиқликни таъминлашга асосланган.

Журналнинг 1-сони умумэътироф этилган халқаро илмий маълумотлар базаси РИНЦ ва Ўзбекистон Олий Аттестация қўмитаси рўйхатига киритилган бўлиб, жорий йилда Scopus ва Web of science аъзоликка қабул қилиш юзасидан рўйхатдан ўтмоқда.

«Medicine and innovations» журналининг ушбу сонидаги қирққа яқин мақолалар COVID-19'га бағишланган бўлиб, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларнинг ушбу оғир касалликни ташхислаш, даволаш ва профилактика қилиш йўлларининг долзарб масалаларига қаратилган.

Журнал таҳририяти Ўзбекистон, Финландия, Англия, Италия, Чили, Япония, Россия, Корея, Белоруссия ва Қозоғистон давлатларининг 28 нафар етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг профессорларидан иборат.

«Medicine and innovations» журналининг таҳририяти ёш тадқиқотчилар, магистратура талабалари ва докторантларнинг, тиббиёт, стоматология ва фармакология йўналишларида янги ғояларни ишлаб чиқариш ва амалиётга татбиқ этишда эришилаётган натижаларни чоп этишга, муаллифларни тиббиёт оламида муносиб ўрин эгаллаш учун барча кучини ишга солади.

Барча муаллифларни ҳамкорликни давом эттириш учун таклиф қиламиз, қизиқарли ва долзарб мақолаларни кутиб қоламиз.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Top