08:40 / 23.01.2021
10687

Янги-Ангрен ИЭСда вафот этганларнинг оила аъзоларига 105 млн сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди - Энергетика вазирлиги

Янги-Ангрен ИЭС вафот этганларнинг оила аъзоларига 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотда айтилади.

Жорий йилнинг 20 январь куни Янги-Ангрен ИЭС қозон агрегатида кўмир-кукуни ҳаво аралашмасининг портлаши натижасида “Востокэнерготеплоизоляция” АЖнинг 3 нафар ходими олинган жароҳатлар натижасида вафот этди.

Уларнинг оила аъзоларига дафн маросимини ўтказиш учун 20-21 январь кунлари 4 миллион 866 минг сўмдан биринчи моддий ёрдам кўрсатилган.

“Шунингдек, 22 январь куни Янги-Ангрен ИЭС томонидан вафот этганларнинг оила аъзоларига қўшимча равишда 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди”, - дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Бундан олдин, прокуратура Янги-Ангрен ИЭСдаги портлаш юзасидан жиноят иши очгани маълум қилинганди.

Top