15:43 / 27.01.2021
19240

Таълим, қабул ва тизимдаги ўзгаришлар – янги ташкил этилган Фискал институти ҳақида суҳбат

Солиқ ва солиққа тортиш йўналишида кадрлар тайёрлайдиган Фискал институт ташкил этилди. Нега Cолиқ академияси Фискал институтга айлантирилди, унга кимлар қабул қилинади? Кутилаётган натижалар қандай? Шу каби саволлар юзасидан ДСҚ ҳузуридаги Фискал институт бош мутахассиси Aнвар Яхшиев билан интервю ташкил этилди.

Aнвар Яхшиев

– Нега солиқ академияси Фискал институтга айлантирилди?

– Президентнинг 4879-сонли қарорига асосан ДСҚ малака ошириш маркази негизида Фискал институт ташкил этилди. Солиқ академияси ўзини оқлаганми, деган саволга келсак, собиқ Солиқ академияси бакалавриат таълим йўналишида чекланган квоталар доирасида мутахассис етиштирган. Ҳар йилги қабул 75 ўриндан иборат бўлиб, битирувчилар тадбиркорлик субъектлари у ёқда турсин, тизимнинг мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжини 30 фоизга ҳам қондира олмаган. Шунингдек, ўқишдан кейинги тизим учун ишлаб бериш мажбурияти битирувчиларнинг эркин иш танлаш ҳуқуқини чекларди. Фискал институтда эса квота деган тушунча деярли амал қилмайди. Белгиланган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича бакалавр ва магистрларга бўлган эҳтиёжни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш асосида қабул параметрлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан мустақил белгиланиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, Солиқ академиясига ўқишга қабул қилиш тартиби «Таълим тўғрисида»ги қонун ва кўплаб меъёрий ҳужжатлар талабларига, инсон ҳуқуқларига зид бўлган, абитуриентлар учун ихтисосликни танлаш ихтиёрийлигини инкор этган. Сабаби, абитуриент исталган ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, Солиқ академиясига ҳужжат топшириб ўқиш имконияти йўқ эди. Бу Солиқ акдемиясига республикада фаолият юритадиган 3та: Бухоро солиқ коллежи, Фарғона солиқ келлежи, Тошкент солиқ коллежларини битирганларгина ҳужжат топшириш имкониятига эга эди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент Молия институтида солиқ ва солиққа тортиш йўналишлари бор эди, аммо ўтган уч йил давомида солиқ соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган таянч олий таълим муассасаси мавжуд эмас эди. Янги ташкил топган институтнинг ўз салафидан афзаллиги шундаки, унга кириш барча учун очиқ, яъни ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган ҳар қандай шахс (фуқаро эмас, айнан шахс) унда таълим олиш имконига эга.

Бундан ташқари, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари Фискал институт томонидан тайёрланадиган кадрларга буюртмани шакллантиришда иштирок этишга, хусусан кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, улар томонидан ўқишни тугатганидан сўнг, шартномада белгиланадиган муддат давомида ташкилот-буюртмачида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишга ҳақли.

– Институтга қабул жараёни қандай бўлади, кимлар қабул қилинади?

– Фискал институт ўзини ўзи тўлиқ молиялаштиради. Университетга қабул жараёни умумий тартибда бўлади. Солиқ академиясига ҳужжат топшириш учун абитуриент солиқ коллежини битирган бўлиши керак деган, қатъий талаблар Фискал институтга қўйилмайди. Фақат Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги фармонига асосан, солиқ техникумлари битирувчилари суҳбат асосида 2-курсдан ўқишга қабул қилинади. Умумий тартибдаги имтиёзлар Фискал институтда ҳам мавжуд, аммо алоҳида имтиёз турлари лойиҳаси ҳозирча ишлаб чиқилмаган.

– Рақамли иқтисодиёт жадаллашуви билан Ўзбекистонга Фискал институт керак бўладими? Соҳада рақамлаштириш жадаллашган сари инсон омили камайиб боради, ушбу даргоҳни битирган  кадрларга бозор қанчалик муҳтож?

– Иш жараёнининг электронлашуви билан соҳада кадрлар қисқартирилиши табиий, аммо солиқ тизимида контингент – катта. Солиқ тизимида республика бўйича 11 мингга яқин штат мавжуд.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда 73-74 фоиз ёки 197 мингдан ортиқ кичик бизнес вакилларининг бухгалтерлари мавжуд эмас. Бу эса ҳисоб-китоб юритиш, солиқ мажбуриятларини бажариш ва солиқларни ҳисоблашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Шунингдек, 2019 йилда янги очилган хўжалик субъектларининг 20 фоизи ёки 19 мингтаси биринчи йилдан фаолиятини тўхтатганлиги факти ҳам тизимда кадрлар тақчиллигини кўрсатади.

Шунингдек, айни пайтда тизимда 3151 нафар ўрта-махсус маълумотли ходимлар фаолият юритмоқда. Бу ҳар уч ходимдан бири олий маълумотга эга эмаслигини англатади. Солиқ органларида иш 49та ахборот дастурдан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда ва ходимлардан дастурлар билан ишлаш талаб этилади. Бироқ ҳозирга қадар ҳеч бир олий таълим муассасасида мазкур дастурлар ўргатилмас эди.

Ундан ташқари, ушбу олийгоҳ фақат давлат солиқ органлари учун эмас, хусусий сектор учун ҳам кадрлар тайёрлаши ҳисобга олинган. Собиқ Солиқ академиясида солиқ ва солиққа тортиш йўналишида фақат давлат солиқ органларига кадрлар тайёрланган. Фискал институтда фақат давлат солиқ органи эмас, балки хусусий сектор, иқтисодий комплексга кирувчи ташкилотлар учун ҳам кадрлар тайёрланади. 

– Битта талабани ўқитиш харажатлари қандай бўлади, институтни ташкил этиш харажатлари-чи?

– Битта талабани ўқитиш харажати қабул квотасидан келиб чиқиб тасдиқланади. Институтга қабул параметрлари (қайси йўналишга қанча талаба қабул қилиниши) шу йилнинг март-апрел  ойларида тасдиқланади.

Институт биноларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари 2021 йил ва келгуси йилларда Ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, институт биноларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун 56 миллиард сўм маблағ талаб этилади (шундан, қуриш ва реконструкция қилишга 50 млрд сўм, ахборот коммуникация техникаларига ва жиҳозлашга 6 млрд сўм).

Фискал институтни ташкил этишда қандай хорижий тажрибалар ўрганилди?

– Дарс жараёнларига ҳамкор университетдан етакчи мутахассислар жалб этилиши баробарида, институт педагог ходимлари Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университетида амалиёт ўташ ва малака ошириш, ҳамкорлик асосида Россия Федерациясида таълим бериш имконига ҳам эга бўлади. Бундан ташқари, ўзаро талабалар алмашинуви, яъни ўзбекистонлик талабалар Россияда, россиялик талабалар эса Ўзбекистонда таҳсил олиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, ўзбекистонлик абитуриентларнинг Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университетига бевосита қабули ҳам йўлга қўйилади.

– Фискал институтда бошқа молия-иқтисод йўналишида кадрлар тайёрлайдиган ОТМларда мавжуд бўлмаган қандай янги йўналишлар очилиши режа қилинган?

– Биринчи ўқув йилидан 3та йўналишда: солиқ ва солиққа тортиш, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, рақамли иқтисодиёт йўналишида кадрлар тайёрланади.  

Ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтган ОТМларга бериладиган ҳуқуқлардан бири – ихтиёрий равишда янги йўналишлар очиш. Кейинчалик  Фискал институтда республикадаги ҳеч бир ОТМда бўлмаган молия ва тижорат ҳуқуқи йўналишини очишни ҳам режалаштирганмиз.

Шунингдек, cолиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрлар кредит-модуль тизими асосида тайёрланади, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари такомиллаштирилади. 

Бундан ташқари, ўқув жараёни малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business intelligence) ва солиқ маъмурчилигида илғор ахборот технологияларини (Big data) қўллаш асосида ташкил этилади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Top