08:41 / 28.01.2021
9069

«Болаcини ихтисослашган мактабга бераётган кўплаб ота-оналар унинг қизиқишини инобатга олмаяпти» — Ҳилола Умарова

Фарзанди Президент, ижод ёки ихтисослаштирилган мактабда ўқишини хоҳлаган ота-оналар уларни қизиқишига қараб йўналтириши лозим, дея маслаҳат берди ушбу мактаблар бўйича агентлик директори Ҳилола Умарова.

«Ҳозир биз энг кўп дуч келаётган ҳолат – бола ихтисослаштирилган фанларга қизиқмаса ҳам, ота-она фарзанди ўша мактабда ўқишини истаяпти.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандлар билан чуқурроқ суҳбат қилиб, уларнинг қайси йўналишга қизиқаётгани, қайси йўналишларда истеъдоди борлигига қараб, шунга бериш керак», – деди Ҳилола Умарова 27 январь кунги матбуот анжуманида.

Анжуманда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги фаолияти юзасидан маълумотлар берилди.

Маълум қилинишича, ўтган йили пандемия туфайли онлайн имтиҳонлар фақатгина Aл-Хоразмий ихтисослаштирилган мактабида синов тариқасида онлайн ўтказилган. Ҳозирда Президент мактаблари имтиҳони учун халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориляпти.

Шунингдек, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ҳам имтиҳонлар бу йил режага қўйилган. Имтиҳонлар қачон ва қай тартибда ўтиши тез кунларда эълон қилинади.

Қайд этилишича, агентлик тасарруфида 4та Президент, 9та ижод ва 3та ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд. Президент мактабларида дарсликлар халқаро ҳамкор — Cambridge assessment билан биргаликда тузиляпти.

Ижод мактабларида нутқ маданияти, нотиқлик санъати каби янги дарсликлар, махсус адабиёт фани, ижод мактабларида эса дизайн, IT йўналиши жорий этиляпти.

Ихтисослаштирилган мактабларда биринчи қисмда дарс жараёнлари бўлса, иккинчи қисмда амалиёт, яъни ўқувчиларга лойиҳалар бериб, уларни иш билан таъминлаш йўлга қўйилган.

Top