Фаоллар Сурхондарё вилояти ҳокими ва мактаб директори ўртасидаги тортишувга муносабат билдириб, ҳокимларнинг таълим жараёнига аралашувини дарҳол чеклаш, Улуғбек Қосимов эса бу ҳолатда жазоланиши кераклигини айтмоқда.
Ҳоким билан тортишган педагогга маъмурий қамоқ жазоси берилди
3 август куни Kun.uz’да Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда 28-мактаб директори Умида Турсунова ўртасида йиғилишлардан бирида жанжал юзага келгани ҳақида хабар берилди.
Ишдан бўшатилгани туфайли ҳоким билан тортишган, бунинг ортидан маъмурий қамоқ жазоси олган педагог масаласи Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова томонидан назоратга олинди.
Вазир Умарова мактаб директори қамоқ жазосидан озод этилганини, у ишга қайта тикланиб, ҳозирда уйида эканини маълум қилиб, маҳаллий ҳокимликларни таълим жараёнига арлашмасликка чақирди.
Шундан сўнг Ҳилола Умарованинг педагог билан телефон орқали суҳбатлашгани акс этган видео тақдим этилди. Вазир мактаб директори билан гаплашаркан, ҳамма нарса назорат остида эканини, ҳар бир педагог давлат раҳбарининг ҳимоясидалигини таъкидлаган. 7 кун қамоқда бўлган директор эса унга нисбатан босимлар бўлишидан хавотирда эканини билдирган.
Фаоллар нима дейди?
Таълим бўйича мутахассис, педагог Шокир Турсун бу жараёнда биринчи навбатда ҳокимнинг директорни ишдан олишга буйруқ беришга ҳаққи бор ёки йўқлигини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлайди.
«Бор бўлса, нега вазир аралашгач, ўз фикрини ўзгартирди, қарори хато эканини тушундими ёки вазирнинг таъсири бўлдими? Агар ҳаққи йўқ бўлса, нега бундай буйруқни беришга журъат қилди? Унда бу борада қандай ричаг бор? Агар буйруғи нотўғри ёки ноқонуний бўлса, ўша ҳокимга нисбатан жазо қўлланадими? Яъни ҳар учала тараф (директор, ҳоким, вазир)нинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳони ким беради?»








