«Ҳоким билан мактаб директори баҳсида қандай қилиб бошқа одам жабрланувчи бўлиши мумкин?» — дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов. Таълим мутахассиси Шокир Турсун мактабларнинг моддий-техник базаси бўйича масъулиятни вазирликка қайтариш кераклигини айтди.

«Милтиқ бўлса, отиб ташланг!»

Ўтган ҳафта сурхондарёлик мактаб директори Умида Турсунованинг вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан бўлган тортишуви ва бунинг ортидан педагогнинг қамоққа ташланиши бутун жамоатчиликни жунбишга келтирди. Ҳокимларнинг мактаб хўжалик фаолиятига эмас, бевосита таълим жараёнига аралашуви эса ҳанузгача норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Хўш, аслида маҳаллий бошқарувларнинг мактаб фаолиятига аралашуви қанчалик тўғри? Сариосиё туманида юзага келган вазиятда ҳокимга қандай ҳуқуқий баҳо берилиши зарур? Бу борада мактаб директори, ҳоким ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг позициясини муҳокама қилиш учун Kun.uz таълим соҳасида мутахассис, педагог Шокир Турсун ва Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.

— Дастлаб, мактаб директори ва ҳоким ўртасидаги тортишувга муносабатингиз қандайлиги ҳақида гапирсангиз. Сурхондарёда ҳоким ва директор ўртасидаги жанжал мактабларнинг маъмурий буйруқбозлик вертикалининг бир бўғинига айланиб улгурганининг яна бир яққол мисоли бўлмадими?

Шокир Турсун: Биринчи навбатда ҳолат вазифаларнинг тўлиқ ажратиб берилмагани оқибатида келиб чиқяпти. Яъни ҳоким мактаб инфратузилмасига масъул бўлгани билан, айнан шу ричаг орқали таълим муассасаларига таъсир ўтказа оляпти. Гарчи биз, педагогларнинг ҳуқуқи ҳақида қонунлар қабул қилиб, мажбурий меҳнатни бекор қилиб, турли қонунлар ишлаб чиққанимиз билан, мана шу ричаг сабаб ҳокимликларнинг мактабларга «ҳукмронлиги» сақланиб қоляпти.