19:21 / 28.01.2021
22349

Термиз туман суди раиси: Журналистлар суд ишига тўсқинлик қилмоқчи бўлишди

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси Одилбек Бегимқулов журналистлар томонидан ҳақорат қилингани ва унинг дахлсизлигига рахна солинганини айтиб ўтди.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди биносида ўтаётган суд мажлиси чоғида Effect.uz сайти журналистлари ҳамда ЖИБ Термиз туман суди раиси Одилбек Бегимқулов ўртасидаги мунозара видеотасвирлари тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz мухбири Одилбек Бегимқулов билан учрашиб, ўша куни рўй берган воқеалар тафсилотини билиш учун унга микрофон тутди.

«Биз ўша куни (воқеа 2021 йилнинг 11 январида рўй берган) Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «в» банди бўйича айбланаётган Икромжон Худоёров карантин вақтида жабрланувчи Шавкат Зоировни 70 миллион сўм пулига Тошкентдан шаҳридан картошка олиб келаман деб чув туширган. Жабрланувчи бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан, судланувчи томонидан пуллар қайтарилмаган. Пуллар Судланувчи томонидан ўзлаштирилиб кетилган.

11 январ куни судланувчи Худоёров Икромжонга нисбатан соат 15:00 га суд иши тайинланган эди. Тарафлар етиб келишлари керак эди. Аслида, бу иш 6 январ куни тайинланиб кўрилган эди. Аммо прокурорнинг музокараси тайёр бўлмагани учун суд иши 11 январга қолдирилган эди», — деди судья.

Ўша кунги воқеаларга тўхталар экан, судланувчи ва жабрланувчиларнинг қариндошлари 6 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида жанжаллашиб кетганини эслаб ўтди.

«Ўша куни судланувчиларнинг қариндошлари ва жабрланувчиларнинг қариндошлари суд мажлиси бошланишидан олдинроқ Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани биносига киришмоқчилигини айтиб, суд мажлиси котиби ва қўриқлаш хизмати ходими келди.

Олдинроқ, 6 январ куни бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчилар ҳамда судланувчиларнинг қариндошлари ўзаро жанжаллашгани ва бу суд мажлисига киритилмаслиги ҳамда ҳозир карантин бўлганлиги учун суд мажлисида кўп одам бўлиши мумкин эмаслиги сабабли қариндошларининг суд мажлисига киришларини рад қилдик.

Нима учун қариндошларининг суд мажлисига киритилмаганини тушунтириш учун суд мажлиси котибини жўнатиб, хонамга кириб ўтирдим», — деди Одилбек Бегимқулов.

Гарчи жанжалнинг олдини олишга қаратилган топшириқлар беришига қарамасдан, суд биносида жанжал келиб чиққан ва судья буни журналистлар томонидан уюштирилган, деб ҳисобламоқда.

«Бироздан сўнг қабулхонамнинг киравериш йўлагида шовқин, бақир-чақир овозлар эшитилди. Мен нима бўлаётганини тушунмадим. «Ким бақиряпти? Нима учун бақир-чақир қилишяпти?» деб, йўлакка чиққанимни биламан, кимдир менга ўзини таништирмасдан (у Effect.uz сайти журналисти экан), «Сен кимсан?» деб менга бақириб кетди. Мен шу Термиз тумани жиноят ишлари бўйича суд раисиман дедим. «Суд раиси бўлсангиз, бино кимники?» — деб бақириб кетди.

«Сиз кимсиз? ўзингизни таништиринг», дедим. Гувоҳномасини номига очиб, Мен Effect.uz сайти журналисти Элёрбек Тожибоевман, деди.

Менга гапиришга имкон бермасдан «Сиз мана шу ишни адолатсиз кўраётган экансиз, халқ сиздан норози бўлишяпти», деди.

«Сиз нима мақсадда келгансиз? Менинг рухсатимсиз суд мажлисига киришингиз мумкин эмас, дедим.

Журналист менга: «Сен ишни ноҳақ кўряпсан, сен порахўрсан», деб шахсиятимга тегиб, менинг дахлсизлигимни бузиб, бақириб, хонамга кириб келди.

Аслида, уларнинг кириш тартиби бор. Улар Қўриқлаш бўлими ходимларига келишганини айтиб, ўзларини таништириши керак эди.

Лекин улар қўриқлаш бўлими ходимларининг рухсатисиз, раислик қилувчининг рухсатисиз, қўриқланадиган бинога кириб келди. Суд мустақиллигини бузишди. Суд ишига аралашишга ҳаракат қилишди. Блогерлар судланувчи Икромжон Худоёровнинг тарафини олиб ишга бир тарафлама ёндашишини суд мажлисини очгандан сўнг судланувчининг адвокати томондан Элёрбек Тожибоевни суд мажлисига киритиш бўйича илтимоснома киритилганидан сўнг англадим», — деди суд раиси.

Суддан олдин кўрсатган «томошалари» сабаб судья журналистларга суд мажлисини съёмка қилиш ва унда қатнашишни тақиқлаган.

«Судга ҳурматсизлик қилгани учун, суд мажлисига судланувчининг яқин қариндошларини етаклаб келиб мени ҳақоратлагани учун, тартиб қоидани бузгани ҳамда жабрланувчининг адвокати томонидан блогерларни суд мажлисига кириши рад этилгани учун суд мажлисидан чиқариш бўйича ажрим қилдим. Лекин журналист суд мажлисидан чиқишни истамади.

Шундан сўнг мен суд мажлиси жабрланувчилари ҳамда судланувчининг қариндошлари ўртасида жанжал бўлиб кетмаслиги ва суд мажлиси хавфсизлиги учун журналистларни мажбурий чиқариш бўйича ажрим чиқардим», — деди у.

Боз устига, судья Одилбек Бегимқулов журналистлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириб, прокуратурага мурожаат ҳам қилган.

«Суд мажлисидан сўнг журналистлар ва жабрланувчининг қариндошлари томонидан қилинган қоидабузарликлар учун,шахсиятимга тегадиган туҳматлар учун жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун далолатнома тузиб, тегишли ҳужжатлар билан билдириш хати билан қонуний чора кўриш мақсадида туман прокуратурасига мурожаат қилдим. Ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Журналист одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилганида биз, албатта, суд мажлисига киритар эдик. Журналистик этикага амал қилишганида ҳамда холисликни йўқотишмаганда, масалага фақат бир тарафлама ёндашишмаганда, албатта, суд мажлисига киритилар эди», — деди судья.

Одилбек Бегимқуловнинг фикрича, журналистларга халқ номидан гапириш ваколати берилмаган.

«Бундан ташқари, журналист томонидан халқ номидан гапирилди. Журналист халқ номидан гапириш ваколатига эга эмас. Халқ номидан гапириш ваколати президентга ҳамда парламент қонунчилик палатасига берилган.

Мен ҳаётимда бундай нарсага дуч келмаганман. Судланувчининг яқин қариндошлари ҳамда журналист томонидан менга нисбатан қилинган қўполлик ҳамда ҳақоратлар сабабли ўша куни қон босимим ҳам кўтарилиб кетди.

Мен ўйлайманки, журналистларнинг ҳам одоб-ахлоқ қоидаси бор. Уларда ҳам тартиб бор. Улар суд мажлисида иштирок этишлари учун судга оғзаки ёки ёзма равишда илтимоснома киритиши керак. Лекин бу журналистлар ҳеч қандай илтимоснома ҳам киритишмади. Улар ҳатто бизнинг рухсатимизни олмасдан туриб хизмат хонамизгача бостириб кириб, бизни порахўрга чиқаришди. Журналистлар масалага холисона ёндашмади. Фақат бир тарафлама ёндашгани сабабли ҳам жабрланувчиларнинг норозилигини келтириб чиқарди», — деди О.Бегимқулов.

Судья Одилбек Бегимқулов суд мажлиси якунлангани ва қарор чиқарилганини ҳам айтиб ўтди.

«Судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарар қоплаб берилганлиги сабабли тегишли моддалар билан ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан унга нисбатан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. Суд ҳукми ҳали қонуний кучга киргани йўқ», — деди у.

Аброр Қурбонмуродов тайёрлади.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top