00:19 / 28.01.2021
17096

Ёшлар ишлари агентлиги тизимида маошлар оширилиши кутилмоқда

Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят ва туман ходимлари ойлик маошини ошириш бўйича таклиф билдирилди. Бу ҳақда 27 январь куни президент ўтказган йиғилишда сўз борди.

Эслатиб ўтамиз, Ёшлар ишлари агентлиги 2020 йил биринчи чорагида тузилган эди. Агентликка ёшларга оид давлат сиёсатини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

27 январдаги президент селекторида ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш вазифаси Давлат хавфсизлик хизматига юклатилди.

Йиғилишда президент иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурди.

Лойиҳа доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилади.

«Масалан, қашқадарёлик ёш тадбиркор Сардор Содиқов пандемия туфайли барча ўқув марказлари ўз фаолиятини тўхтатган бир пайтда, инглиз тилини ўргатишнинг мобил дастурини яратиб, минглаб ёшлар учун масофавий таълимни йўлга қўйди. Қолаверса, ушбу дастурни интернет орқали хорижга ҳам экспорт қилмоқда.

Бундай инновацион ғоялар менга маъқул», – деган президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top