17:42 / 01.02.2021
12940

«Британча штамм аэропортдаёқ жиловлангани – ютуғимиз» – Отабеков янги штамм аҳоли орасига киришига йўл қўйилмаганини айтди

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков коронавируснинг британча штаммига қарши кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган брифингда Ўзбекистон янги штамм билан курашга қанчалик тайёрлиги юзасидан маълумот берди.

«Ўзбекистон нимага қодир эканлигини кўрсатди. Коронавирус бутун дунёда кўплаб иқтисодий ривожланган давлатларни карахт ҳолатга келтириб қўйган бир пайтда, республикамизда эпидемик барқарорлик таъминланган.

Британча штамм аниқланган бемор аэропортнинг ўзидаёқ аниқланган ва алоҳидаланган. Демак, Ўзбекистон шароитида касаллик манбайи аэропорт ва шифохона шароитида жиловланган. Бу бизнинг ютуғимиз. Касалликнинг аҳоли орасига кириб кетишига йўл қўйилмаган. Касаллик манбайи жиловланса, юқиш йўлининг олди олинса, юқтириб олиш эҳтимоли бўлган аҳоли ҳимояси таъминланса, унинг кенг авж олишига йўл қўйилмайди. Шу нуқтайи назардан, касалликнинг аэропортдаёқ аниқлангани мамлакат нимага қодирлигини кўрсатади», деди у брифинг давомида.

Отабеков Ўзбекистонга коронавируснинг янги штамми кириб келишига умуман йўл қўймасликнинг имкони бўлмаганини таъкидлаб ўтган.

«Биз янги штаммни ҳудудимизга умуман киритмаслик имкониятига эга эмасдик. Ҳозирги кунга келиб, дунёнинг 60га яқин давлатида бу штамм аниқланди.

Британча штамм кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва ЖАР давлатларидан Ўзбекистонга кириш ва чиқиш бўйича тақиқ мавжуд. Аммо шунга қарамай, ўзбекистонликлар бориб-келиши мумкин бўлган давлатларнинг сони жуда кўп. Касаллик айнан юқорида санаб ўтилган давлатлардан эмас, балки учинчи, тўртинчи давлатлар орқали кириб келиш эҳтимоли мавжуд эди. Ва афсуски, у мамлакатга кириб келди», дейди штаб аъзоси.

Top