23:34 / 04.02.2021
13703

Аҳоли фикрини эътиборга олмасдан шаҳар жамоат жойларини ўзгартириш мумкин эмас — Саида Мирзиёева

Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган «Истиқлол» мажмуаси лойиҳаси учун эълон қилган танлов баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева шаҳар жамоат жойлари ўзгартирилиши борасида муносабат билдирди.

“Шаҳар жамоат жойлари, айниқса яшил боғ ҳудудлари муҳофаза қилиниши, асралиши ва кенгайтирилиши лозим. Жамоат ва шаҳар аҳолисининг фикрини эътиборга олмасдан уларни тубдан ўзгартириш мумкин эмас” , деб ёзди у ўз Telegram-каналида.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган «Истиқлол» мажмуаси лойиҳаси учун танлов эълон қилганди.

Қайд этилишича, янги мажмуа Тошкент марказидаги хиёбон ўрнида қурилади: қурилиш учун Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуд танланган.

Эълон қилинган мазкур танлов қизғин баҳс-мунозаралар келтириб чиқарди. Шундан сўнг пойтахт ҳокимлиги бу мавзу юзасидан баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолган ҳамда ҳозирги хиёбон фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда мамлакат тарихи, мустақиллик йилларидаги ютуқлар, миллий ўзига хосликни намоён этувчи мажмуани барпо этиш эълон қилинган танлов шартларида алоҳида кўрсатиб ўтилган.

“Бугундан эътиборан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Истиқлол” мажмуаси барпо этилиши белгиланган ҳудуддаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилади ва муҳофазага олинади”, - дейилган ҳокимлик баёнотида.

Top