17:38 / 04.02.2021
2523

Сайёҳларга тезкор ёрдам кўрсатувчи Call-марказ ишга тушди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси Call-маркази ўз иш фаолиятини бошлади, унга "1173" қисқа рақам орқали мурожаат қилиш мумкин. 

Туризм қўмитаси хабарига кўра, Call-марказнинг асосий вазифаси сайёҳлар мурожаатларини телефон орқали қабул қилиш ва ички ишлар органлари ваколатлари доирасида уларга тезкорлик билан зарурий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. 

Call-марказ замонавий ахборот-коммуникация технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББлари ҳамда Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ИИБлари хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари навбатчилик қисмлари билан боғланган.  

Кўрсатилган рақамга республиканинг барча ҳудудларидан қўнғироқ қилиш мумкин.

Call-марказнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида эркин мулоқот қила оладиган малакали мутахассислари дам олиш кунларисиз тун-у кун фаолият кўрсатади.

Top