20:16 / 08.02.2021
8357

Таълим инспекцияси раҳбари home-schooling тизими жорий қилиниши ҳақида маълумот берди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбоев 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

«Юртимиз таълим тизими учун ўтган йилда бўлиб ўтган муҳим воқеа бу шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги таълим тўғрисидаги қонуни қабул қилингани бўлди. Икки йил мобайнида манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда халқаро ташкилотлар экcпертлари иштирокида мазкур қонун ишлаб чиқилди.

Қонунда айнан ёшларнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқлари қатъий белгиланган бўлиб, «ҳеч бир бола четда қолмайди» тамойили асосида уларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бандлар киритилган. Таълим олишнинг турли муқобил шакллари ўз аксини топган. Катталар таълими ва ҳаёт давомидаги таълим каби муҳим концепцияларга асосланган. 

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида 20дан ортиқ таълим тизими ривожланган давлатларнинг таълим тўғрисидаги қонунчилиги ўрганилиб илғор тажрибалари инобатга олинди.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳада Ўзбекистон Республикаси президентининг таълим соҳасига оид 20дан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 10дан ортиқ қарорлари, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган масалалар мазмуни қонун лойиҳасида ўз аксини топди», деди у АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Инспекция раҳбари нутқини тугатгач, навбат ОАВ вакилларига берилди ва улар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.

Kun.uz мухбири Ўзбекистонда home-schooling, яъни уйда ўқитиш тизимининг қонуний асослари ва механизмини ишлаб чиқиш вақти келгани борасида савол билан мурожаат қилган.

«Инспекция ўз фаолияти давомида пандемиянинг дастлабки кунидан бошлаб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Япония, Жанубий Корея, Европа давлатлари ва АҚШдаги вазиятни ўрганди. Шунга қараб ўзимиздаги таълим тизимига керакли ишларни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Халқ таълими вазирлиги томонидан онлайн дарслар ташкил қилинган.

Шу билан бирга, бизнинг энг катта масаламиз – бу таълим платформаларини яратиш. Чунки ўқувчилар уйда ўтирганда биз уларга керакли манбаларни берсак, онлайн тарзда улар билан суҳбатларни амалга оширсак, саволларга жавоб берсак, албатта натижа бўлади.

Биз Корея томони билан суҳбат ўтказганимизда, улар ҳам ўз вақтида биздаги каби муаммоларга дуч келгани маълум бўлди. Кўпларида интернет бўлмаган ёки тезлик етишмаган. Лекин махсус гуруҳлар, ҳудудий ҳокимликлар ҳам бевосита амалий ёрдам қилиб, муаммоларни ечишга ҳаракат қилишди.

Биз ҳам худди шундай ҳаракатларни қилганмиз. Тўғри, бизда муаммолар кўп эди. Интернет тезлиги деймизми, ёшларнинг 15 дақиқалик дарсни қанчалик чуқур ўзлаштира олишини ўрганишми... ва мен айтишим керакки, жуда ҳам фидойи ўқитувчиларимиз кўп. Шу ўқитувчилар узлуксиз Zoom орқали, телеграм орқали ўқувчилар билан алоқада бўлишган.

Лекин биз камчиликларнинг ҳаммасини инобатга олиб, буни амалга оширишга ҳаракат қилдик. Биз бу йил таълим тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни қабул қилдик. У ерда 20дан ортиқ ривожланган давлатларнинг қонунчилиги ва қонуности ҳужжатларини инобатга олдик. Ўша ерда сиз айтган масала ҳам ҳисобга олинган. Бу йўналишда ишларимиз кўп, муаммоларимиз кўп. Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари бевосита ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлаш масаласи ҳозир кўрилмоқда.

Ҳозирда Авлоний номидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти Илмий тадқиқот олиб борувчи институтга айланган. Худди шу тизим бошқа таълим турлари бўйича қилинади. Ҳозирги кунда биз илмий тадқиқот асосида тегишли ишларни амалга оширишимиз керак. Ишлар амалга оширилмоқда ва биз ҳамма таклифларни инобатга олмоқдамиз», деган Улуғбек Тошкенбоев.

Top