Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикасининг «Осиё ва Тинч океани минтақасида олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисида»ги ЮНEСКО конвенциясига аъзо бўлишига бағишланган юқори даражадаги онлайн маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, ЮНEСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, ЮНEСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси Таълим бўйича бюроси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш жараёни йилдан йилга соддалаштириб борилаётганини таъкидлади.

«Таълим инспекциясининг асосий мақсадларидан яна бири хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишни соддалаштириш ҳамда халқаро мезонлар даражасига олиб чиқишдан иборат», – деди Улуғбек Тошкенбоев.

Инспекция раҳбари ушбу мақсад доирасида қатор ишлар амалга оширилганини қайд этиб ўтган.

Хусусан, фуқароларнинг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш учун аризалар бериш ва гувоҳномаларни олиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилгани, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 кунга қисқартирилгани таъкидлаб ўтилган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан тўғри, яъни махсус синовларсиз тан олиниши бўйича белгиланган кўрсаткичлар сони оширилган. Хусусан, халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 500талик 1000таликка кенгайтирилган.

Халқаролашув ва талабалар мобиллиги талабларига мос равишда Россия Федерацияси, Беларус Республикаси билан таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисида ҳукуматлараро Битим имзоланган.

Улуғбек Тошкенбоевга кўра, таълим ҳужжатларини тан олиш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги муаммолардан бири Ўзбекистон Республикасининг таълим тизими тўғрисида очиқ маълумотларнинг етарли эмаслигидир.

«Очиқ ахборот тизимини яратиш Ўзбекистон ёшларининг ва профессор-ўқитувчиларининг мобиллигини оширади, хорижий давлатларда таълим олиш бўйича муаммоларнинг ва бюрократик тўсиқларнинг барҳам топишига олиб келади.

Миллий таълим тизимининг халқаро ҳамжамиятга интеграциясини ҳамда таълим олувчилар ва профессор-ўқитувчилар мобиллигини таъминлаш мақсадида ЮНEСКО билан ҳамкорликда Миллий ахборот маркази ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.