Таълим инспекцияси Финландия ва Жанубий Корея каби давлатларда хорижий тилларни ўқитиш тажрибасини ўрганиш олиб бормоқда. Унда бевосита чет тилларини сифатли ўқитиш ишлари ўрганилмоқда.
Шунингдек, инспекция томонидан миллий таълим тизимида чет тилларини ўқитиш борасида мавжуд муаммолар, педагог кадрлар салоҳияти таҳлил қилинди.
Аниқландики, чет тилини ўқитишда 3 та асосий муаммо мавжуд:
- биринчидан, ўқитувчилар малакасининг етишмаслиги;;
- иккинчидан, методика эскирган;
- учинчидан, ўқув ва таълим дастурларининг замон талабларига мослашмаётганлиги.
Финландия ва Жанубий Кореяда ҳам 30–40 йил давомида шундай муаммолар бўлган ва улар бу муаммонинг ечими сифатида 3 йўналишда ишлашган:
1. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, унинг жамиятдаги обрўсини ва касб сифатида жозибадорлигини кўтаришга катта эътибор беришган.
2. Чет тилини ўқитиш методикаларини жаҳонда эътироф этилган ва синалган методикалар асосида такомиллаштиришган.
3. Таълим дастурлари замона талаби ва энг яхши хорижий тажрибалар асосида такомиллаштирилган ҳамда соҳада соғлом рақобат бўлиши таъминлаган.
Шундан келиб чиқиб, биз бир нечта таклифни илгари суряпмиз:
1. Узлуксиз таълим тизимида чет тиллари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ишларини ва касбий ривожланишининг узлуксиз вертикал тизимини жорий этиш лозим.
Бунда биринчи навбатда малака оширишда ўқиган ҳар бир ўқитувчи минимал талабга эришишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчилар мустақил ривожланиши ва малака оширишлари бўйича очиқ ресурсларни яратиш ва уларни ягона платформага жойлаштириш лозим.
Ўқитувчиларга кучли устозларни бириктириб, тил ўрганишни доимий жараёнга айлантириш керак. Ушбу мақсадда чет тили ўқитувчиларининг метод куни ҳисобланмиш жума кунлари тажрибали ўқитувчиси бор таянч мактаблар базасида узлуксиз малака ошириш курсларини ташкил этиш керак. Бу жараёнга Британия кенгаши, Гёте институти, Франция Алянси, KOICA, JAICA каби халқаро ташкилотлар ва нодавлат секторни жалб этиш мақсадга мувофиқ.















