08:12 / 09.02.2021
8270

«Велосипед операцияси» амалга ошмай қолди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Тошкент шаҳар божхоначилари, «Тошкент-товар» божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда, «Чуқурсой техник-идора» темир йўл чегара божхона пости орқали Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ номига келтирилган юк контейнерини белгиланган тартибда назоратдан ўтказди.

Натижада, йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган, оғирлиги ярим тоннани ташкил этувчи, қиймати салкам 316 млн сўмлик велосипед шиналари борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, мазкур товарларга 121 млн сўмдан ортиқ қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Товар кодини ўзгартириш наф бермади

Божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) бўйича қўлланилган товар кодига бевосита боғлиқ. Кодни ўзгартириб, божхона тўловларидан қочиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхоначилари ва «Тўрткўл» ТИФ божхона пости ходимлари республикада фаолият юритувчи МЧЖлардан бирининг номига олиб келинган «саноат кондиционери» товарининг ҳужжатларини текширганида, тақдим этилган кодлар шубҳа уйғотди.

Экспертиза хулосасига кўра, мазкур товарлар тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилганидек кодга эга эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасига олиб киришда импорт божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига киритилмагани аниқланди.

Натижада 42 миллион сўм божхона тўловлари ҳисобланди.

Ўқ-дориларни яширинча олиб киришга бўлган уринишлар фош бўлди

Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий мамлакатга йўл олган фуқаро O.H.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва бу шахс ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Текширув давомида унинг юклари орасида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилиши тақиқланган 1 дона «Geco 7.65 mm.» ёзувли ўқ-дори борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда, хорижий мамлакатдан учиб келган фуқаро Т.Р. белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, унинг юклари орасида 1 дона «6.5* 55» ёзувли ўқ-дори борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Имтиёздан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

«Тошкент-товар» ТИФ божхона постига хориждан мамлакатимизда фаолият юритувчи МЧЖ номига келтирилган 2 дона махсус транспорт воситалари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Божхона кўригидан ўтказиш мобайнида божхона ходимларида мазкур транспорт воситаларининг махсус транспорт воситалари эканига шубҳа туғилгани сабабли экспертиза тайинланди.

Натижада, қиймати 2 млрд сўмни ташкил этувчи мазкур автотранспорт воситаларининг ТИФ ТН кодлари нотўғри таснифлангани, ишлаб чиқарилишдаги йиллари бир-биридан фарқ қилгани ва конструкцияси бўйича бир-бирининг техник таркиби хисобланмаган автомобил ва бурғилаш ускунаси жамланмасидан иборатлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат бюджетига 1 млрд 534 млн сўм миқдорда божхона тўловлари ҳисобланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Top